ФОТОРЕПОРТАЖ
Норин дарёсининг Наманган вилояти Учқўрғон, Норин ва Уйчи туманларидан оқиб ўтувчи қисмида сел ва сув тошқинларига хавфли бўлган ҳудудларни мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилди.
Жараёнда Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар, Экология бошқармалари, “Давсувназорат” давлат инспекцияси, Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва бошқа қатор алоқадор ташкилотлар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, Учқўрғон туманида 18 та, Норин туманида 7 та, Уйчи туманида 17 та, жами 40 дан ортиқ ҳудуд кўздан кечирилди. Олиб борилган хатлов натижалари асосида 9 та участка энг хавфли, деб топилди.
Ишчи гуруҳ томонидан энг хавфли деб белгиланган 9 та участкадаги мавжуд хавфни бартараф қилиш мақсадида “Норин дарёсининг Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларидан оқиб ўтувчи қисмидаги емирилган қирғоқларни мустаҳкамлаш ҳамда табиий ҳолига келтириш орқали мазкур ҳудудлардаги аҳоли ва ҳудудларни, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ва иқтисодий соҳа объектларни сел ва сув тошқинлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш” мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Ўқув машқи давомида Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманлари ҳудудларидан оқиб ўтувчи Норин дарёси соҳилига кириш йўлларидаги 1 та нуқтасида вилоят ФВБ, вилоят ИИБ, вилоят Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, “Давсувназорат” ДИ, Норин-Сирдарё ИТХ бошқармалари ишчи ва ходимларидан иборат бошқарув штаби ҳамда 3 та нуқтада қабул қилиш ва кузатиш постлари ташкил этилди.
[gallery-14683]
Тадбирда тегишли участкаларга қирғоқ дамбаларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудларга фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун захира мақсадида жами 436 та юк машинада тош олиб келинди. Норин туманидан оқиб ўтувчи Норин дарёсининг қирғоқларини мустаҳкамлаш мақсадида махсус техникалар жалб этилди. Тош материалларидан фойдаланган ҳолда қирғоқни мустаҳкамлаш ишлари бажарилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА