Ногиронлиги бўлган болалар учун бепул тиббий кўрик ташкил қилинди
Саҳоватпешалик ва мурувват халқимизга хос хислат. Азал-азалдан бир-бирига бўлган меҳр-оқибат, эҳтиёжманд инсонлар ва болаларга ғамхўрлик ҳам айнан миллатимизга хос қадриятлардан.
Ана шундай юксак, олийжаноб қадриятларимизнинг намунаси ва мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар бўлими ҳамда “EZGU NIYAT” кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамкорлигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун муҳим ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ногиронлиги бўлган фарзандларига бепул тиббий хизматлар кўрсатилиши кўзда тутилган. Жумладан, малакали шифокорлар маслаҳати, лаборатор ҳамда замонавий диагностик текширувлар тақдим этилмоқда.
Бу каби хайрли ташаббуслар орқали жамиятда эзгулик, инсонпарварлик ва бағрикенглик янада мустаҳкамланади.
Шербек Исломов,
ЎзА