Туркиялик мутахассислар иштирокида бепул тиббий-кўрик ташкил этилди
Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан “Соғлом келажак” акцияси доирасида Туркиянинг нуфузли тиббиёт клиникаларидан жалб этилган малакали мутахассислар Хоразм вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, эҳтиёжманд оила фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий-кўрикдан ўтказди.
– Ҳар бир бола – давлатимизнинг юксак эътибор ва ҳимоясида, – дейди Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ижрочи директори Марат Содиқов. – Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандларини тўлиқ ҳимояга олиш, улар саломатлигини тиклаш, назорат қилиш ва даволаш фондимизнинг асосий вазифаларидан бирига киради. Хусусан, кечиктириб бўлмайдиган оғир турдаги касалликларни юртимиз ва хориж клиникаларида ўз вақтида даволаш, малакали тиббий-кўрикларни ташкил этиш, бемор болажонларга ёрдам бериш мақсадида Туркиянинг тажрибали шифокорлар гуруҳи юртимизга таклиф этилиб, чуқурлаштирилган тиббий-кўриклар ва амалиётлар шу ернинг ўзида ташкил этилмоқда.
Қайд этилишича ушбу шифокорлар жамоаси Ўзбекистонга саккизинчи маротаба келишди. Бундан аввал улар Фарғона, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида биринчи босқичда бемор болажонларни чуқурлаштирилган тиббий-кўрикдан ўтказган. Ўтган давр мобайнида улар томонидан қарийб 210 дан ортиқ мураккаб амалиётлар бажарилди.
Эътиборли жиҳати, ушбу хайрия акцияси Жамоат фонди томонидан тўлиқ молиялаштирилиб, аҳоли учун бепул тарзда амалга оширилмоқда.
[gallery-28729]
Хоразм вилоятидан ҳам мурожаатлар кўп. Бироқ диагностика текширувлари натижасида жами 243 та, шундан 144 та умумий хирургия, 31 та кардиология ва 68 та мураккаб пластик хирургия йўналишида болалар тиббий-кўрикдан ўтказилиб, уларни реабилитация қилиш ва кейинги босқичда операцияга тайёрлаш учун саралаб олинди.
Эндиликда турли даражадаги мураккаб амалиётлар май ойида турк ва маҳаллий шифокорлар иштирокида ўтказилади. Бу эса ўз навбатида маҳаллий шифокорлар учун “маҳорат дарси” ҳам ҳисобланади.
Албатта, бундай тажриба фуқароларимиз учун, қолаверса, бу маблағларнинг Жамоат фонди томонидан қоплаб берилиши том маънода “Инсон қадри учун” шиорининг нечоғлик юксак қадрият эканлигини амалда кўрсатиб турибди. Бу билан боғлиқ барча харажатларнинг Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан қоплаб берилиши оғир ва дардманд оила фарзандларига берилаётган ижтимоий ёрдамнинг амалий ифодасидир.
– 2024 йил октябрь ойида автотранспорт ҳодисаси натижасида қизим жароҳатланди, – дейди Лобархон Қуронбоева. – Ҳозирда қўлтиқ таёқ билан зўрға ҳаракатлана олади. Жарроҳлик амалиётини қилдириш учун Туркияга боришимиз керак эмас экан. Мутахассисларнинг ўзлари шу ерга келиб қизимни операция қилишар экан. Ҳозирда чуқур текширувлардан ўтмоқда. Бунинг барчаси учун Президентимизга, давлатимизга, шифокорларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Хорижлик мутахассисларни кўпроқ Ўзбекистонга жалб этиш, нафақат тажриба алмашиш, балки мураккаб амалиётларни бамаслаҳат, маҳорат дарси сифатида ўтказилиши ўзаро фикр алмашиш майдонини ҳам юзага келтиради.
– Биз амалга оширадиган муолажалар куйиш асоратлари, юз ва танглай нуқсонлари каби касалликлардир. Кичик ёшда қилинадиган бу турдаги операциялар болаларнинг келажакдаги ҳаёти ва жамиятга мослашиши учун муҳим омил ҳисобланади. Ҳудудда жарроҳликларни амалга оширишдан мақсадимиз маҳаллий шароитда Ўзбекистоннинг ўзида болаларнинг муаммоларни бартараф этишдир. Бизга бу имкониятни яратиб берган Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки, қилинаётган ишлар жуда хайрли. Болаларга ёрдам берсак келажакда уларни жамиятга фойдали инсонлар сифатида қайтарган бўламиз, – дейди туркиялик жарроҳ Меҳмет Бўзкурт.
Тиббий-кўрик учун турк шифокорлари ҳузурига келган бемор болалар ва уларнинг ота-оналарининг қувончини кўзларидан англаш қийин эмас.
Бу каби тажриба алмашув алоқалари республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари