Нобель мукофоти соҳиби билан учрашув
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мамлакатимизда Марказий Осиё университетлари форуми ташкил этилмоқда.
Мазкур форум доирасида дунёнинг етакчи олимлари иштирокида олий таълим масканларида ёшлар учун учрашувлар, маърифий мулоқотлар, илмий гурунглар бўлиб ўтмоқда.
“Янги Ўзбекистон” университетининг Ёш иқтисодчилар жамияти томонидан франциялик олим, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Жан Тироль билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда олим “Халқ фаровонлигига эришиш” ҳақида ўз изланишлари билан ўртоқлашди.
Жан Тироль 1980 йиллардан бошлаб иқтисодиётнинг муайян тармоқларида, банкдан телекоммуникация ва рақамли платформаларгача монополияга қарши тартибга солиш назариясини ишлаб чиқди.
Нобель мукофотига сазовор бўлган Жан Тироль жаҳон иқтисодий тафаккури элитасига киради. У 1988 йилда бозор иқтисодиёти ва уни тартибга солиш масалаларига ойдинлик киритган ишлари учун иқтисодиёт бўйича 45-Нобель мукофоти совриндори бўлди.
[gallery-19730]
Жан Тироль Тулуза университети профессори ва саноатни ташкил этиш соҳасида дунёдаги етакчи мутахассислардан бири. У ўз ишида компанияларнинг олигополистик бозорларда ўзини қандай тутиши ва тўғри тартибга солинмагани нархларнинг ошиши ва рақобатни бостириш каби салбий ижтимоий оқибатларга олиб келишини таҳлил қилади.
Жан Тироль ўз фаолиятини муҳандис ва иқтисодчи сифатида бошлаган. Франция миллий кўприклар ва йўллар мактабида ишлаган, шунингдек, Массачусетс технология институтида дарс берган.
Тиролнинг “Бозорлар ва бозор кучи: саноат ташкилоти назарияси” номли асосий асари 1988 йилда нашр этилган бўлиб, 26 йилдан сўнг шу иши учун Нобель қўмитаси унга мукофотни топширган. Ушбу тадқиқот компанияларнинг монополистик хатти-ҳаракатларини ва рақобатни ҳимоя қилиш учун тартибга солиш зарурлигини тушунишга муҳим ҳисса қўшди.
У ўз китобида фойдани кўпайтириш механизмлари ва монополистик амалиётларни, шунингдек, ушбу ҳодисаларга қарши курашиш усулларини таҳлил қилади.
Тиролнинг илмий фаолияти 100 дан ортиқ нашр этилган асарларни қамраб олади, уларнинг аксарияти Нобель мукофотини олишдан олдин ҳам машҳур бўлиб кетган. Унинг дарсликлари дунёнинг кўплаб университетларида, жумладан Франция, AҚШ ва Буюк Британияда қўлланилади. Унинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси нафақат илмий жамоатчилик, балки рақобат сиёсати билан шуғулланувчи амалиётчилар томонидан ҳам эътироф этилади.
“Янги Ўзбекистон” университетида бўлиб ўтган учрашувда Жан Тироль “Шахсий манфаатлар ва ижтимоий фаровонлик ўртасидаги мувозанат ҳамда халқ фаровонлигига эришиш” мавзусида маъруза қилди.
Н.Усмонова, А.Мамадаминов(сурат), ЎзА