Нобель мукофоти пули оширилди
Нобель жамғармаси мукофот таъсис этилганининг 125 йиллиги муносабати билан 2026 йилги соврин жамғармаси миқдори оширилганини эълон қилди. Янги қарорга кўра, тўлов суммасига 1 миллион швед кронаси – қарийб 101 000 доллар қўшилди. Энди ҳар бир йўналиш бўйича лауреатларга тахминан 1,2 миллион доллар топширилади.
Жамғарма ижрочи директори Ганна Стёрне таъкидлашича, молиявий ажратма оширилиши узоқ муддат мукофот нуфузини қўллаб-қувватлаш ва вақт ўтиши билан молиявий қиймат қадрсизланиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.
Нобель мукофотлари илк бор 1901 йил топширилган бўлиб, Альфред Нобель ўз васиятида мукофотни беш асосий соҳа – физика, кимё, физиология ёки тиббиёт, адабиёт ҳамда тинчликни мустаҳкамлашга қўшилган ҳисса учун беришни белгилаб кетган. 1968 йил Швеция Марказий банки ташаббуси билан Альфред Нобель хотирасига иқтисодиёт бўйича ҳам алоҳида мукофот таъсис этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йил жамғарма капитали ва молиявий барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида мукофот пулини вақтинча камайтирган. Кейинги йиллар давомида эса тўлов миқдори босқичма-босқич бир неча бор оширилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА