Нобель мукофоти совриндорлари туғилган мамлакатлар рейтингида қайси давлатлар етакчи?
Бу йилги Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилингач, мукофот совриндорлари сони 1 000 нафарга етди.
Лауреатларнинг туғилган жойи асосида тузилган рейтингда Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва Германия етакчи ўринларни эгаллади.
“Naked science” онлайн нашрининг Нобель мукофоти сайт манбасига асосланган хабарига кўра, АҚШда туғилган лауреатлар сони 300 нафарга етди. Буюк Британия 111 нафар лауреат билан иккинчи, Германия 86 нафар совриндор билан учинчи ўринни банд этди. Франция 65 нафар совриндор билан тўртинчи, Япония эса 31 нафар лауреат билан бешинчи ўриндан жой олди.
Рейтинг Нобель ташкилотининг очиқ маълумотлар базаси асосида тузилган бўлиб, унда ҳисоб-китоблар алоҳида шахслар кесимида амалга оширилган. Бунда ҳар бир лауреат Нобель мукофотини бир неча марта қўлга киритган бўлса ҳам, фақат бир шахс деб ҳисобга олинган. Масалан, икки марта мукофотга сазовор бўлган Мари Кюри, Жон Бардин ва Фредерик Сангер рейтингда битта шахс сифатида қайд этилган.
Кучли бешликдан кейинги ўринларда Швеция 30 нафар, Россия 29 нафар, Польша 28 нафар ва Канада 23 нафар лауреат билан жойлашган. Нидерландия ва Италиянинг ҳар биридан 20 нафардан лауреат қайд этилган.
Рейтингни шакллантиришда айрим ҳудудий ва маъмурий тафовутлар ҳам инобатга олинган. Жумладан, туғилган жойи Буюк Британия, Шотландия ёки Шимолий Ирландия сифатида кўрсатилган лауреатлар бирлаштирилиб, Буюк Британия кўрсаткичига киритилган. Гваделупада туғилган лауреат эса Франция натижасига қўшилган.
Ушбу рейтинг Нобель мукофоти лауреатларининг географик тақсимотини кўрсатиш билан бирга, илм-фан, адабиёт ва бошқа соҳаларда халқаро миқёсда эътироф этилган шахслар туғилган мамлакатлар ҳақида ҳам тасаввур беради.
Маълумот ўрнида, 2026 йилги Нобель мукофоти лауреатлари номи 5–12 октябрь кунлари эълон қилинди. Мукофотларни эгаларига топшириш маросими эса анъанага кўра 10 декабрь санасида ўтказилади.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА