
Навоий Кон-металлургия комбинати олтинига 1994 йилда дунё бўйича юқори сифатли қимматбаҳо металлар реализацияси билан шуғулланувчи Лондон олтин қуймалари бозори Ассоциацияси (LBMA – London Bullion Market Association) томонидан “Оптимал етказиб бериш” мақоми берилган эди.
“НКМК” АЖ ахборот хизматининг хабарига кўра, яқинда Лондон олтин қуймалари бозори Ассоциацияси НКМКнинг “Оптимал етказиб берувчи” – юқори сифатли олтинни ишончли етказиб берувчиси бўлган мақомини яна бир бор тасдиқлади.
Шунингдек, аудит, солиққа тортиш, консалтинг ва корпоратив молия соҳасида хизматлар кўрсатувчи “Deloitte&Touche” халқаро компанияси томонидан 2022 йил якунларига кўра, НКМКга молия-хўжалик фаолиятини сифатли олиб борганлиги учун сертификати берилди.
“Оптимал етказиб берувчи” мақомини ҳар уч йилда бир марта тасдиқлаш зарур. Охирги марта 2019 йилда НКМК маҳсулотининг бозор талабларига тўлиқ мувофиқлиги бўйича сертификат олинган эди.
А.Бўриев, ЎзА