ОКМК яна бир халқаро сертификатни қўлга киритди
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида коррупцияга қарши курашиш тизими муваффақиятли сертификатлаштирилди ва натижада корхона навбатдаги йирик халқаро ютуқни қўлга киритди.ISO 37001:2025 (Коррупсияга қарши бошқарув тизими) — ташкилотларда коррупция ва порахўрлик хавфларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича Халқаро Стандартлаштириш ташкилоти (IAF) томонидан ишлаб чиқилган энг нуфузли жаҳон стандарти ҳисобланади.
Ушбу халқаро Мувофиқлик сертификатининг янги 2025 йилдаги таҳрири бугун Олмалиқ кон-металлургия комбинатига тантанали равишда топширилди. Бу воқеа корхона тарихида шаффофлик, қонун устуворлиги ва халқаро ишончнинг янги даврини бошлаб беради.
Бугунги кунда Лондон металл биржаси Copper Mark ва Европа Иттифоқи бозорлари тизимида шаффофлик ва комплаенс назорати тизими жорий қилинган компания ва ташкилотлар ўз маҳсулотларини реализация қилишда алоҳида устуворликка эга бўлади.

Шу боисдан ҳам, мазкур янги таҳрирдаги халқаро сертификат ОКМК маҳсулотларининг дунё бозоридаги рақобатбардошлигини каррасига ошириб, халқаро бозорларга тўсиқсиз чиқиш имконини кенгайтиради. Халқаро инвесторлар ва йирик трансмиллий банклар коррупция хавфлари минималлаштирилган корхоналарга катта ҳажмдаги имтиёзли кредитлар ва тўғридан-тўғри инвестицияларни хавфсиз ажратади.
Бундан ташқари, ISO 37001:2025 стандарти тизимининг Комбинатда мавжудлиги глобал экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув ((ESG) кўрсаткичларида ОКМКнинг баҳосини кескин юқорига кўтаради.

Ички тизимда эса корхонанинг барча бўғинларида молиявий хавфлар қатъий назоратга олинганлигини англатади, очиқлик индекси мустаҳкамланади.
Рейтинг кўрсаткичлари ва солиштириш мезонлари бўйича олиб қарайдиган бўлсак, анъанавий давлат ички рейтинги фақат Ўзбекистон Республикаси доирасида миллий аҳамиятга эга бўлиб, давлат органларининг ахборот бериш кўрсаткичларини баҳолайди.
Янги таҳрирдаги ISO 37001:2025 халқаро сертификати эса бутун дунё миқёсида тан олинган олий андоза бўлиб, 32та энг қатъий халқаро мезон ва тизимли хавфларни холис аудит қилиш орқали тақдим этилади.
Ички рейтинглар миллий агентликлар томонидан масофавий ёки ички баҳолаш асосида шакллантирилса, ISO стандарти мустақил халқаро аудиторлик ташкилотлари томонидан жойига чиққан ҳолда, икки босқичли қатъий аудит натижасига қараб тақдим этилади.

Энг муҳими эса, хорижий инвесторлар учун миллий рейтинг шунчаки локал маълумот ҳисобланса, янги таҳрирдаги ушбу халқаро сертификат инвестиция киритиш ва тўғридан-тўғри йирик трансмиллий шартномалар имзолашда асосий талаб сифатида сўралади.
ОКМК янги таҳрирдаги ушбу нуфузли халқаро сертификатни қўлга киритиш орқали нафақат ишлаб чиқариш ҳажми ва технологик қуввати бўйича, балки корпоратив бошқарув, шаффофлик ва очиқлик йўналишида ҳам дунёнинг энг илғор компаниялари қаторидан жой олганини амалда исботлади.
ОКМК Ахборот хизмати