«Нефтчи» кутилмаганда қоқилди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-турини «Нефтчи» ва «Хоразм» клублари ўртасидаги баҳс бошлаб берди.«Истиқлол» стадионида ўтган ушбу учрашув 2:2 ҳисобида якунланди.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-турини «Нефтчи» ва «Хоразм» клублари ўртасидаги баҳс бошлаб берди.«Истиқлол» стадионида ўтган ушбу учрашув 2:2 ҳисобида якунланди.
Учрашувнинг илк дақиқаларидан бор эътиборини ҳужумга қаратган «Хоразм» жамоаси аъзолари 8-дақиқага келиб ҳисобни очди. Ушбу вазиятда ўнг қанотдан ташкил этилган тезкор ҳужумни Рафаэль Тавареш кучли ва аниқ зарба билан якунлаб, мезбонлар дарвозасини ишғол этди — 0:1. Ўтказиб юборилган голдан сўнг фарғоналиклар катта куч билан олдинга ташланди. Рақиб жарима майдони атрофида кетма-кет хавфли вазиятлар юзага кела бошлади. Натижада 25-дақиқада Жамшид Искандеров томонидан бурчакдан узатган тўпни Стипе Перица бош билан дарвозага жойлаб қўйди.
Ҳисоб тенглашганидан сўнг «Нефтчи»нинг ҳужумкорлиги янада ортди. Бироқ 36-дақиқада «Хоразм» футболчилари стандарт вазиятдан унумли фойдаланди. Бурчакдан узатилган тўпни қабул қилиб олган Рафаэль Тавареш ўзининг иккинчи голини киритди ва жамоасини яна бир бор олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимнинг 62-дақиқасида Жамшид Искандеров гол уриб ҳисобни тенглаштирди.

Шу тариқа амалдаги мамлакат чемпиони ўз майдонида 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Натижада «Нефтчи» клубининг очколари 52 тага етган бўлса, «Хоразм» жамоасининг ҳисобидаги очколар 22 та бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Суперлиганинг 23-тур ўйинлари 9 октябрь куни давом эттирилади. Унда Қўқонда «Қўқон-1912» — «Машъал», Тошкентда «Пахтакор» — «Бунёдкор», Бухорода «Бухоро» — «Андижон» ҳамда Қаршида «Насаф» — «Динамо» учрашувлари ўтказилади. «Пахтакор» — «Бунёдкор» баҳси соат 19:00 да бошланади.
Ушбу баҳслар орасида Тошкент дербиси сифатида ном қозонган «Пахтакор» — «Бунёдкор» учрашуви мухлисларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айни пайтда «Пахтакор» 49 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. «Бунёдкор» эса қуйи поғоналардан юқорилаш учун ҳар бир очко учун курашмоқда.
Айниқса, мусобақа пешқадами «Нефтчи»нинг мазкур турда очко йўқотиши «Пахтакор»га орадаги фарқни қисқартириш имконини берди. Шу боис «шерлар» учун ушбу учрашувда ғалаба жуда муҳим.
Тошкент дербиси олдидан жамоаларнинг ўзаро учрашувлар статистикасига назар ташласак, улар Суперлига доирасида шу кунга қадар 41 марта тўқнаш келган. Уларда «Пахтакор» 17 та ғалабага эришган, 10 учрашув дуранг билан якунланган, 14 баҳсда эса «Бунёдкор» устун келган. Голлар нисбати «Пахтакор» фойдасига — 56:48.

Шу тариқа, 9 октябрь куниги баҳс жамоаларнинг Суперлига доирасидаги 42-ўзаро учрашуви бўлади. Баҳс соат 19:00 да «Пахтакор» марказий стадионида бошланади.
Дарвоқе, 10 октябрь куни «Қизилқум» ўз майдонида «Сурхон»ни қабул қилади. Турнинг сўнгги икки учрашуви 11 октябрь кунига режалаштирилган. Унда ОКМК — «Навбаҳор» ҳамда «Соғдиёна» — «Локомотив» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА