Навоийнинг ўзи кўрган сўнгги девони
9 февраль – Алишер Навоий таваллуд топган кун
Узоқ изланишлардан сўнг, Ҳамид Сулаймонов навоийшуносликка маълум қилган, аммо таркиби ҳақида етарлича илмий маълумотимиз мавжуд бўлмаган Алишер Навоий девони қўлёзмаси билан танишишга муваффақ бўлинди. Ҳамид Сулаймонов мазкур девонни “Терма девон” деб атаган. “Терма девон” деганда Навоий тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний”сидаги бир қисм сайлаб олинган шеърлардан ташкил топган тўпламлар тушунилади.
Мана шу “Терма девон” АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Метрополитен музейи Ислом санъати бўлимида сақланаётган Алишер Навоийнинг девони қўлёзмасидир. Айни девон қўлёзмаси машҳур хаттот Султонали Машҳадий томонидан 905/1499-1500 йили Ҳиротда кўчирилган бўлиб, Навоий ва Машҳадий ўртасидаги сўнгги ижодий ҳамкорлик натижаси сифатида аҳамиятлидир.
Навоийга мансуб айни девон қўлёзмаси музейга америкалик Александр Смит Кокран (1874-1929) исмли санъатсевар томонидан топширилган. У Темурийлар сулоласи даврида кўчирилган қўлёзмаларни ўзининг Шарққа қилган сафарлари давомида қўлга киритган ва Нью-Йоркка олиб келган. Ўтган аср бошида қўлёзмаларни тавсифлаб, яъни мазмунини қисқача кўрсатиб, каталог тузган. Мана шу маълумотларни 1914 йили Америкада каталог ҳолида инглиз тилида нашр қилган.
Бу қўлёзмалар сирасида Навоий девонидан ташқари, Темурийлар даврида кўчирилган Қуръони карим нусхаси, Ҳусайн Бойқаро девони ва Абдураҳмон Жомийнинг девони бор бўлган. Мазкур қўлёзмаларнинг аксар қисми Ҳусайн Бойқаро саройида фаолият олиб борган машҳур хаттот Султонали Машҳадий томонидан кўчирилган.
Аслида, Султонали Машҳадий Ҳусайн Бойқаро саройига жуда яқин хаттотлардан бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур қайд этганидек, Ҳиротда темурийлар саройида: “Чиройли хат битувчилардан ҳам анча киши бор эди. Лекин барчасининг пешқадами настаълиқ ёзувида Султонали Машҳадий эди. У Султон Ҳусайн мирзо ва Алишербекнинг кўплаб матнларини кўчирди. Ҳар куни ўттиз байт Мирзо учун ва йигирма байт Алишербек учун ёзарди”. Бу кўп жиҳатдан асосли фикрдир. Сабаби, Метрополитен музейида Навоийнинг ҳам, Ҳусайн Бойқаронинг ҳам айнан 1500 йил Султонали Машҳадий томонидан кўчирилган девонлари қўлёзмаси мавжуд.
Дарҳақиқат, Султонали Машҳадий 1465, 1485, 1493 ва 1500 йиллари Навоий девонларини кўчирган. Булар ичида сўнгги учта қўлёзмани Ҳирот шаҳрида кўчириб тугатганини Машҳадий девонлар қўлёзмаси сўнггида қайд этган. Навоий 1485, 1493 ва 1500 йиллари кўпроқ Ҳирот шаҳрида бўлган. Демак, Навоий мана шу уч девон, айниқса, 1500 йили кўчирилган ва Америкада сақланувчи девони қўлёзмаси тайёрланаётган вақтда Ҳиротда бўлган. Навоийнинг ушбу девон қўлёзмаси тайёрланишида ҳам муаллиф, ҳам муҳаррир сифатида бевосита иштирок этган бўлиши, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, қўлёзмани қўлида тутган бўлиш эҳтимоли катта.
Навоийнинг 1501 йили 3 январда дунёдан ўтгани ҳисобга олинса, бу шоирнинг ўзи кўрган, девоннинг тартиб берилиши жараёнида Султонали Машҳадий билан қилган энг сўнгги адабий ҳамкорлиги натижаси бўлиши эҳтимоли катта. Мазкур жиҳат қўлёзманинг илмий аҳамиятини оширади. Навоийнинг юқорида келтирилган санаси кўрсатилган қўлёзма девонларидаги шеърларни йилма-йил, кетма-кетликда, ёнма-ён қўйиб қиёсий тадқиқ этиш шоир ижоди жараёни, унинг шеърлари матнлари устида қандай иш олиб борганлигини илмий тадқиқ этишга ёрдам беради.
Маълумки, Алишер Навоий 1492-1498 йиллари ўзининг барча шеърларини тўплаб, тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний”ни тартиб берди. Бу ўзбек китобхонига яхши маълум бўлган факт. Лекин Навоийнинг диққат марказимизда бўлган “Терма девони” 1500 йили кўчириб тугалланган ва унда 850 дан ортиқ шеър мавжуд. “Хазойин ул-маоний”да эса 3130 та шеър бор. Шуниси қизиқки, “Терма девон”даги шеърлар “Хазойин ул-маоний”дан деярли тўртдан бир марта камроқ. Лекин бу шеърларнинг деярли барчаси “Хазойин ул-маоний”дан олинган.12:51
Нима учун “Хазойин ул-маоний”даги шеърларнинг тўртдан бирини олиб, ундан икки йил кейин, ҳажман тўрт марта кичикроқ “Терма девон” бўлган сайланма шеърлар мажмуасини тузишга эҳтиёж туғилди? Бу Америкадаги “Терма девон”даги сайланма шеърларни ким танлаб олган? Навоийми? Султонали Машҳадийми? Ёки бошқа бир буюртмачи? Мазкур саволларга жавоб топиш навбатдаги тадқиқотларда амалга ошади?
Афтондил ЭРКИНОВ,
Метрополитен музейи (Нью-Йорк, АҚШ)
ислом санъати бўлими тадқиқотчиси,
филология фанлари доктори.
ЎзА