Навоий шаҳрида Республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилоят бўлими, Навоий вилоят Халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” Республика танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган танловда 21 нафар туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган тарғиботчилар иштирок этишди.
– Мақсад, халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг етакчилиги, фаоллиги, ижодий қобилияти ва ташаббускорлигини ошириш, касбий маҳорати рўёбга чиқишига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдир, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Акром Муқимов. – Шунингдек, уларнинг билимларини мустаҳкамлаш, ҳушёрлик ва огоҳликка чорлаш, миллий урф-одатлар руҳида ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашга қаратилган илғор иш тажрибаларни оммалаштиришдан иборат.
Якуний натижаларга Навоий шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактаби ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчиси Ҳулкар Ғаффорова ҳамда Хатирчи туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Комил Пармонов танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танлов ғолиблари ва иштирокчилари диплом, китоблар жамланмаси ҳамда совғалар билан тақдирланди.
Абдували Бўриев, ЎзА