Наманганда энг фаол тарғиботчилар аниқланди
Наманган шаҳрида “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” Республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 26 нафар тарғиботчи иштирок этиб, саккизта йўналиш бўйича ўз маҳорат ва салоҳиятини намоён этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида бугунги кунда Наманган вилоятидаги мавжуд 716 та умумтаълим мактабининг барчасида журналистлар, шоирлар, ёзувчилар ва санъаткорлардан сараланган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолият кўрсатмоқда. Улар ўтган бир йил мобайнида ўз фаолияти орқали ўқув масканларига профессионал ижодий муҳит кириб келди. Қолаверса, тарғиботчилар эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, маданий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтириш, китобхонлик маданиятини оширишга ҳам катта улуш қўшмоқда.

Танловнинг вилоят босқичида иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари, ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан суҳбат асосида холисона баҳоланди. Унда Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Гулчеҳра Муродова ва Уйчи туманидаги 26-мактаб тарғиботчиси Шокиржон Бойхонов ғолиб чиқиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” танлови гарчи юртимизда илк бор ўтказилаётган бўлсада, унинг ҳудудий босқичлари ўзгача шукуҳ ва қизғин мунозараларга бой бўлди, – дейди танлов ғолибларидан бири, Янгиқўрғон туманидаги рус тилига ихтисослаштирилган 10-мактаб тарғиботчиси, “Репетитор” газетаси муҳаррири Гулчеҳра Муродова. – Бу танловда нафақат тарғиботчи, балки у фаолият юритаётган муассаса ва унинг ўқувчилари ўзларининг ижодий ютуқлари билан қатнашди. Очиғи, мен тарғиботчи сифатида фаолиятимни бошлаган кезларимда, ушбу лавозимнинг мактаблар учун нечоғли зарур эканлигига, шу аснода Президентимиз томонидан бу борада қабул қилинган қарор жудаям ҳаётий ва долзарб эканлигига гувоҳ бўлдим.

Танловда, шунингдек, Наманган шаҳридаги 43-мактаб тарғиботчиси Хуршида Нишонова ва Давлатобод туманидаги 49-мактаб тарғиботчиси Шохсанам Эрмамбетовалар фахрли иккинчи, Косонсой туманидаги 42-мактаб тарғиботчиси Муҳиддин Имомадиев ва Чуст тумани 67-мактаб тарғиботчиси Муяссархон Эргашевалар учинчи ўринни қўлга киритди. Танлов ғолиб-совриндорлари ҳамда уларнинг мактабларига ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари, қимматабаҳо совғалар ва 21 номдаги бадиий китоблар жамланмаси билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев,ЎзА