Навоийни англай десангиз
Алишер Навоий меросини бугунги авлодга етказишда қандай қийинчиликлар бор? Ойбекнинг "Навоий" романи буюк мутафаккир шахсиятини англаш, унинг ғояларини замонавий ислоҳотлар билан боғлашда бебаҳо кўприк вазифасини ўтайди.
Миллат равнақи ҳамиша фидокорлар учун алоҳида масъулият ва улкан машаққат саналган. Хусусан, юртимиз тарихида биз фахрланадиган аждодларимиз талайгина. Бугунги ислоҳотларимиз ҳам айнан уларнинг ғоялари ва ҳикматлари асосига қурилган, десак янглишмаймиз. Бунда Ҳазрат Алишер Навоий алоҳида аҳамият касб этади. Туркий тилга қайта жон ато этган буюк бобокалонимиз нафақат тил ва адабиёт тараққиёти, балки миллатимиз маънавияти учун ҳам мисли кўрилмаган юксаклик ва теранлик бахш этгани айни ҳақиқат. Сир эмаски, ҳозирда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси, унинг пойдевори ана шундай алломаларимиз ҳикматлари устига қурилмоқда.
Бироқ, ўтган олти асрлик фурсат Навоийни тушунишга, уни ҳақиқий маънода танишга етарлича қийинчилик туғдирмоқда. Ваҳоланки, биз Навоийни танимай туриб чинакам унга муҳаббат қўя олмаймиз, гарчанд бир қанча жонкуяр навоийшунос олимлар бунга астойдил ҳаракат қилсалар-да. Аммо излаган имкон топар деганларидек, бунинг ҳам ечими йўқ эмас. Англаганларнинг вазифаси англатишдир. Шу маънода Ҳазрат Навоийни англаган ва таниган адибларимиз борки, улар яратган асарлар биз каби бугунги авлод учун ҳақиқий маёқ вазифасини ўтайди. Шундай муҳим асарлардан бири Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Навоий” романидир.
Мазкур асар шунчаки тарихий, бадиий бир ижод намунаси эмас. Негаки, унда Навоий тимсоли муаллифнинг уфуриб турган муҳаббати билан тасвирланади. Бу эса ўқувчи қалбида Навоийга муҳаббат уйғотмай қолмайди. Шунингдек, романда улуғ мутафаккир, шоир ва давлат арбоби бўлган бобокалонимизнинг ҳаёт ва ижод йўли ғоят таъсирчан ва равон ифодаланган. Бу ҳам биз учун мураккаб бўлиб туюлган Навоий ижодини бизга янада соддалаштириш ва яқинлаштиришга хизмат қилади.
–Ойбекнинг “Навоий” романи буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий шахсиятини, унинг ҳаёти ва фаолиятини англашда муҳим аҳамиятга эга. Асарда Навоий нафақат истеъдодли шоир ва мутафаккир, балки давлат арбоби, адолатпарвар, халқ манфаатларини ҳимоя қилувчи инсон сифатида гавдалантирилади. Адиб Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро билан муносабатлари, сарой муҳитидаги зиддиятлар, халқ фаровонлиги ва адолат йўлидаги фаолиятини тасвирлаш орқали унинг инсоний фазилатларини очиб беради.
Шу жиҳатдан роман ўқувчиларда Навоий шахсияти, унинг маънавий дунёси, ҳаётий қарашлари ва эзгу мақсадлари ҳақида кенг тасаввур ҳосил қилишга хизмат қилади. “Навоий” романининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда мутафаккирнинг ижодий фаолияти унинг ҳаёти, дунёқараши ва даврнинг ижтимоий-маънавий муҳити билан боғлиқ ҳолда ёритилади. Ойбек Навоий ижодига хос инсонпарварлик, адолат, маърифат, эзгулик ва комил инсон ғояларини асар воқеалари ҳамда образлар орқали очиб беради. Натижада китобхон Навоий асарларининг мазмун-моҳиятини, уларда илгари сурилган умуминсоний ғояларнинг аҳамиятини чуқурроқ англайди. Гарчи роман тарихий воқеаларга асосланган бадиий асар бўлса-да, у Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг шахсияти ва адабий меросига бўлган қизиқишни кучайтиришда муҳим ўрин тутади, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, навоийшунос олим Дилнавоз Юсупова.
Шуни айтиш керакки, машаққатли меҳнатнинг маҳсули ҳамиша самарали бўлган. Шу маънода роман ёзилиш жараёнига ҳам тўхталишимиз лозим. Ушбу шоҳ асар 1942 йил ёзиб тугатилган бўлса-да, 1944 йилда нашр этилган.
Бу роман ёзилаётган кезлари Ойбек қаттиқ хасталанган, ёзишга жисман яроқсиз эди. Бунда унинг турмуш ўртоғи Зарифа Саидносирова улкан жасорат кўрсатган. Ҳаттоки сўзлашга ҳам қийналадиган Ойбек айтганларини зийраклик билан қоғозга туширган айнан у. Шунинг учун бўлса керак, бу асарни ўқиган киши худди Навоий даврида яшагандек, у ҳис этган масъулиятни ўзида туйгандек бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур роман бугунги ёшларга Навоийни танитишда энг муҳим манбалардан саналади. Чунки биз Навоийни чинакам англамай туриб, унинг шахсияти ва орзу-армонларини тушунмай туриб ижодини ҳазм қила олмаймиз. Қувонарлиси шуки, истиқлол йилларида мазкур асар бир неча маротаба қайта нашрдан чиқди. Бунда асар янада тўлдирилиб, сиёсий тузум сабаб тушириб қолдирилган бир қанча боблар тўлақонли эълон қилинди. Эндиликда энг муҳим вазифа келажак авлод онгига бу каби асарлар орқали аждодлар меросини етарлича сингдиришдир. Буни эса, энг аввало ўзимиздан бошлашимиз лозим. Зеро, Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзи таъкидлаганидек:
“Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил”.
Шербек Исломов,
ЎзА