Навоийда туризм янада ривожланмоқда
Навоий вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва аҳоли учун янги даромад манбаларини яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Натижада 2026 йилнинг 8 ойида вилоятга қарийб 2,7 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрди. Шундан 443,2 минг нафари хорижий, 2 миллион 236 минг нафари маҳаллий туристлардир. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 3,6 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.

– Соҳада тадбиркорлик ва инвестиция фаоллиги ҳам ортиб бормоқда, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Комилжон Нормаматов. – 2026 йилнинг 8 ойида 64 та янги жойлаштириш воситаси, жумладан, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хостеллар ва ўтовли оромгоҳлар ташкил этилди. Натижада вилоятдаги жойлаштириш воситалари сони 368 тага етди. Шунингдек, туристик ташкилотлар сони 105 тага етказилди. Бу объектлар нафақат сайёҳларга қулай шароит яратиш, балки маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари ва тадбиркорлик имкониятларини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Йил якунига қадар қиймати 246 миллиард сўмлик 26 та туризм лойиҳасини амалга ошириш ва 345 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Вилоятда туристик ҳудудларни ихтисослаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Қизилқум Сафари” МЧЖ ва “Спутник Навоий” МЧЖга Республикада биринчилардан бўлиб “Туризм кластери” мақомининг берилиши бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Бу каби кластерлар орқали туристик хизматларни бир-бири билан узвий боғлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва ҳудудда комплекс туристик маҳсулот яратиш имкониятлари кенгаймоқда.

Сўнгги уч йилда вилоятда олтита туризм қишлоғи ташкил этилди. Сентоб, Лангар, Ангидон, Чуя, Кичиксой ва Мушкан каби қишлоқларда меҳмон уйлари, кемпинглар ва замонавий туристик хизматлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Сентобда тадбиркорлик субъектлари сони 2020 йилдаги 2 тадан бугунги кунда 70 тадан ошди. Қишлоқнинг Жаҳон туризм ташкилоти томонидан “Бутунжаҳон туризм қишлоқлари” рўйхатига киритилиши унинг халқаро туристик салоҳиятини янада оширди.
Хатирчи туманидаги Лангар ва Ангидон ҳудудларида ҳам туризм инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайиб, сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди. Бу ҳудудларда кемпинглар ва меҳмон уйлари ташкил этилди, тоғда пиёда юриш, “zipline” ва “tubing” каби замонавий хизматлар йўлга қўйилди. 2025 йилнинг ўзида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мазкур маҳаллаларга 23 минг нафар хорижий ва 317 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди.
Қизилқум чўлида сафари, этнотуризм ва чўл туризмини ривожлантириш бўйича янги йўналишлар шакллантирилмоқда. Конимех туманидаги Янгиқазған овулини “туризм овули”га айлантириш ва бу ерда “Қизилқум саҳроси” фестивалини ташкил этиш режалаштирилган. Бу орқали янги туристик маршрутлар ва хизматлар бозори яратилади.

Соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши туристик ҳудудларга олиб борувчи инфратузилмани яхшилашдир. 2026 йилда 11 та объектга 38 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 20,5 километр автомобиль йўлларини таъмирлаш, 15 километр пиёдалар йўлаклари барпо этиш, бешта кўприк қуриш, электр тармоқларини кенгайтириш ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Навоий шаҳрида ҳам аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий дам олиш муҳитини яратишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи, “Аквапарк” ва туташ ҳудудларни реконструкция қилиш, яшил майдонларни кенгайтириш ҳамда “Ёшлик” кўли бўйида 1,5 километрлик замонавий пляж барпо этиш режалаштирилган. “Янги Навоий шаҳарчаси” ва “Янги Ўзбекистон боғи” ҳудудларида муҳандислик коммуникациялари, йўллар, савдо, сервис ва хизмат кўрсатиш объектларининг ривожлантирилиши шаҳар туризми учун янги имкониятлар яратади.
Йил якунига қадар Нуротада “Нақшлар ва нурлар” миллий каштачилик марказини барпо этиш, “Чашма” ва қатор зиёратгоҳларни реконструкция қилиш, қадимий “Кориз”ларни туристик объектга айлантириш, Карманада “Қадимий Кармана” туристик марказини ташкил этиш каби лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, тарихий-маданий мерос объектларини реставрация қилиш, Хатирчида тиббиёт ва сув туризмини йўлга қўйиш, Айдаркўл ва Зарафшон дарёси бўйида янги туристик ҳудудларни шакллантириш чоралари кўрилмоқда.

Туризмни аҳоли бандлиги ва даромадлари билан боғлаш мақсадида Нурота ва Хатирчи туманларидаги 15 та туризм маҳалласида хонадонларни оилавий меҳмон уйларига айлантириш режалаштирилган.
Умуман, Навоийдаги туризм ислоҳотлари сайёҳлар оқимини кўпайтириш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ва маданий меросни асрашга хизмат қилмоқда. Вилоятнинг чўл, тоғ, зиёрат, этно ва экологик туризм имкониятларини бирлаштириш эса Навоийни янги туристик марказлардан бирига айлантириш учун замин яратмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири