Навоийда “Касаба уюшмалари куни” кенг нишонланди
Навоийда “Муҳташам” тантаналар масканида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда юртимизда соҳаларда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, касаба уюшмалари фаолиятига доир ҳуқуқий асос йилдан йилга такомиллаштирилмоқда. 2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши эса касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди.
Жорий йилда касаба уюшмалари сафига 686 та ташкилот ва 12 984 нафар ходим жалб этилди. Меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати натижасида 152 та қонунбузилиш ҳолати бартараф этилиб, ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича судларга киритилган даъволар натижасида улар фойдасига 2 миллиард 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилишига эришилди.

Шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига киритилган 30 002 нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Ушбу мақсадлар учун турли манбалар ҳисобидан 31 миллиард 436,9 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Бундан ташқари, меҳнат жамоаларида маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, ходимларнинг маданий ҳордиқ чиқариши ва спорт билан шуғулланиши учун ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди.

Тадбирда касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаолларга “Эҳтиром” нишони, “Фахрий ёрлиқ”, “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса даврага кўтаринки кайфият улашди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири