Касаба уюшмалари ходимлари тақдирланди
Самарқандда Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Унда вилоятдаги касаба уюшмалари ташкилотлари ходимлари ва фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳусан Эрматов ва бошқалар касаба уюшмалари ходимларини байрам билан табриклаб, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, ишчи-хизматчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги хизматларини эътироф этдилар.

– Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва унинг тизимидаги барча ташкилотлар Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Президентимиз ташаббуслари билан 11 ноябрь “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” деб белгиланиши фаолиятимизни янада кучайтиришга туртки бўлди. Бугунги кунда вилоятимизда 4200 дан ортиқ бошланғич ташкилотимиз ўз сафида 800 минг нафар аъзони бирлаштириб турибди. Уларнинг бевосита иштироки билан корхона ва ташкилотлардаги 74 нафар ходимнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланди ҳамда 1 миллиард 138 миллион сўм маблағ ундирилишига эришилди. Федерация ташаббуси билан давлат органлари, иш берувчилар бирлашмалари ва касаба уюшмалари вакилларидан иборат ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тузилиб, улар фаолияти кўлами кенгайиб бормоқда. Ёш ходимларнинг ташаббус ва қизиқишларини яқиндан ўрганиш ҳамда уларнинг раҳбарият билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқотини йўлга қўйиш мақсадида 55 маротаба “Раҳбар ва ёш ходимлар” ҳамда “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари ташкил этилди.

“Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 40 мингга яқин ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари ҳамда диққатга сазовор жойларга саёҳатга олиб борилди. Бундан ташқари, ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун концерт ва театр томошалари, музей ва маданият масканларига ташрифлар амалга оширилмоқда.

Байрам тадбирида вилоят касаба уюшмалари кенгаши ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларидан бир гуруҳига Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят кенгашининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири