Навоий халқаро аэропортида ТИР парк фаолияти йўлга қўйилди
“Навоий халқаро аэропорти” МЧЖ ҳудудида халқаро автотранспорт воситалари учун замонавий тўхташ жойи ва сервис инфратузилмаси – ТИР паркнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда “Навоий халқаро аэропорти” МЧЖ ходимлари, вилоят ва Кармана тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2026 йил 9 февралдаги “Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилди.

“Навоий халқаро аэропорти” МЧЖ ташаббуси билан амалга оширилган лойиҳа доирасида юк ташувчилар учун шароитлар яратилиб, логистика инфратузилмаси ривожлантирилмоқда. ТИР парк Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб божхона кузатуви остида ҳаракатланаётган юк автомобиллари учун кечаси хавфсиз ва қулай тўхтаб, дам олиш маскани сифатида ҳам хизмат қилади.

– ТИР парк ҳудуди бир вақтнинг ўзида 50 та юк автомобилини қабул қила олади ва замонавий инфратузилма билан таъминланган, – дейди МЧЖ почта-юк комплекси раҳбари Сарвиноз Улуғова. – Бу ерда ҳайдовчилар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида аэропорт ҳудудидаги меҳмонхона қайта таъмирланиб, арзон ва қулай тарифлар жорий этилди. Шунингдек, 24 соат фаолият юритадиган ошхона ташкил қилиниб, ҳайдовчиларнинг узлуксиз овқатланиши учун шароит яратилди. Ҳудуд тўлиқ 24 соатлик видео кузатув тизими билан жиҳозланган бўлиб, хавфсизлик чоралари юқори даражада таъминланган. Бундан ташқари, божхона ходимлари учун алоҳида дам олиш хоналари ташкил этилган.
Мазкур лойиҳа ҳудудда логистика тизимини такомиллаштириш, юк ташувчилар учун қулай шароит яратиш ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири