Навоий халқаро аэропорти йирик марказлардан бирига айланмоқда
Навоий халқаро аэропорти ва “Harvest Epoch Strategik Investment Limited” компанияси ўртасида имзоланган стратегик альянс тўғрисидаги доиравий битимни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Унда томонлар техник-иқтисодий асосларни такомиллаштириш, тижорий шартлар ва тарифларни ишлаб чиқиш, аэропорт инфратузилмаси ҳамда хизматларини халқаро талабларга мувофиқ тайёрлаш бўйича ишларни амалга оширади.
2026 йил декабрь ойида дастлабки синов юк рейсларини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, ер усти хизматлари, ёқилғи қуйиш, омбор мажмуалари ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг тайёрлиги таъминланади. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги тизимларини ICAOнинг 9-тоифали талабларига мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
“Harvest Epoch Strategik Investment Limited” компанияси эса авиакомпаниялар, электрон тижорат ва логистика компанияларини жалб этиш орқали юк оқимини оширишга кўмаклашади.
Ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири 2030 йилга қадар Навоий халқаро аэропорти орқали йилига 45 минг тонна юк ташиш ҳажмига эришиш белгиланган.
Ушбу ҳамкорлик Навоий халқаро аэропортининг географик жойлашуви ва мавжуд инфратузилма имкониятларидан самарали фойдаланиш, Хитой ва Европа ўртасидаги логистика алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жаҳон бозорларига етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири