Навоий шаҳрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис маркази ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари психолог ва инспектор-психологлари учун семинар ташкил этилди.
Гиёҳвандлик воситалар истеъмолини эрта аниқлаш, мактаб психологларининг билим ва кўникмаларини ошириш, шу орқали профилактика ишларини янада самарали йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегиянинг долзарб жиҳатлари, ички ишлар органлари томонидан гиёҳванд моддаларининг ноқонуний муомаласига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар, гиёҳванд ва заҳарванд моддаларга қарамликнинг психологик ва ижтимоий омиллари каби мавзуларда сўз юритди.


Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.



***
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли Навоий академик лицейида рақамли технологиялар асосидаги дарс машғулотлари самарали йўлга қўйилган.


Лицейда информатика, киберхавфсизлик, криптография, дастурлаш асослари каби замонавий фанлар махсус ўқув дастурлари асосида ўргатилмоқда.

– Таълим жараёнида интерактив методлар – амалий топшириқлар, симульяциялар, онлайн тестлар, код ёзиш машғулотлари кенг қўлланилиб, ўқувчилар фаоллигини ошириш, мавзуни теран англаш ва реал ҳаётда қўллашига тайёрлашда хизмат қилмоқда, – дейди лицей ўқитувчиси Эркинжон Бердиқулов. –Лицейда рақамли саводхонликка алоҳида урғу берилиб, ўқувчиларга киберхавфсизлик тушунчаси, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, ижтимоий тармоқда хавфсиз ҳаракатланиш каби кўникмалар сингдирилмоқда. Криптография ва ахборотни кодлаш бўйича амалий машғулотларда эса замонавий ахборот ҳимояси усулларини ўрганмоқда.

Лицейда дарслар замонавий компьютер технологиялари, интернет ресурслари ва мультимедиа воситалари асосида ташкил этилган.
***
ИИВ Академияси масъул ходимлари иштирокида Навоий вилоят ИИБда хизмат қилаётган ёш ходимлар фаолиятини тизимли ўрганиш ва мониторинг қилиш мақсадида учрашув ўтказилди.

Унда ёш битирувчиларнинг хизмат фаолиятида учраётган муаммолар, дуч келаётган қийинчиликлари юзасидан сўровномалар олиниб, зарур тавсиялар берилди.

Шунингдек, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда Навоий вилоят ИИБ масъуллари иштирокида Кармана туманидаги Бешкент, Арғун ҳамда Хатирчи туманидаги Навбаҳор маҳаллаларида маҳалла еттилиги вакилларининг ижтимоий профилактика тизимига оид билим ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган амалий машғулотлари ўтказилди.
Тўрт кун давом этган ўқув машғулотларида ходимларга зарур билим ва кўникмалар берилди.
***
Навоий вилояти экология бошқармаси ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари давлат инспекторлари томонидан доимий профилактик тадбирлар олиб борилишига қарамасдан айрим фуқаролар томонидан экологик қонун бузилишларга йўл қўйилмоқда.

Жумладан, Зарафшон шаҳар экология бўлими давлат инспекторлари томонидан шаҳар прокуратураси, ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда “Баҳор” ва “Наврўз” МФЙ ҳудудларида олиб борилган навбатдаги назорат рейд тадбирлари давомида бир кунда тўққиз нафар ҳуқуқбузарлар қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойга ташлаганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 91-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 9 миллион 476 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.
А.Бўриев, ЎзА