| Y | D | S | CH | P | J | SH |
|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 |
| 8 | 9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 |
| 15 | 16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 |
| 22 | 23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 |
| 29 | 30 | 1 | 2 | 3 | 4 | 5 |
Навоий назмидан яралган наво

Самарқанд вилоят Ўлкашунослик музейида буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган “Навоий ижодига эҳтиром” деб номланган мақом кечаси ташкил этилди.
Вилоят маданият бошқармаси, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган кечада Навоий ижодидан байту ғазаллар ўқилиб, вилоят намунали “Мақом” ансамбли томонидан буюк мутафаккир ғазалларига басталанган куй-қўшиқлардан тузилган концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Т.Тугалов, вилоят намунали “Мақом” ансамбли бадиий раҳбари А.Тўхтаев ва бошқалар Алишер Навоий ижодини ўрганиш бугунги кунда барча соҳа вакиллари учун зарур эканлигини таъкидлашди. Навоий асарлари комиллик сари етакловчи улкан маънавий хазина эканлиги алоҳида эътироф этилди.
– Мақом санъати Навоий ғазаллари билан жозибадор, – дейди вилоят намунали “Мақом” ансамбли бадиий раҳбари Абдунаби Тўхтаев. – Биз ушбу концерт дастуримиз орқали улуғ бобомиз қолдирган маънавий мероснинг қанчалик буюклигини, улуғворлигини, беқиёслигини яна бир бор намоён этишга ҳаракат қилдик. Фақатгина Самарқанд шаҳридаги дастурлар билан чекланиб қолмаймиз. Худди шундай мақом кечалари вилоятимизнинг Нуробод ва Пастдарғом туманларида ҳам буюк мутафаккир таваллуд кунига қадар ўтказилиши режалаштирилган.
Мақом кечасида Мир Алишер Навоий ғазали билан айтилувчи “Мушкулоти сегоҳ”, “Сараҳбори ироқ”, “Сарпарда”, “Эй сабо”, “Сайқал”, “Бўлмиш”, “Сафти сувора”, “Нақши наво” каби мақом санъатининг бебаҳо дурдоналарига айланган ашулалар куйланди. Йиғилганлар мақом санъати дурдоналарининг жонли ижросидан баҳраманд бўлди.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
Муаллиф: uza




