Навигатор ёқилғини тежашни ўрганди
Биз Навигатор манзилга энг тез етиб бориш йўлини кўрсатишига ўрганганмиз. Эндиликда «Yandex Maps» ва Навигатор хизмати Ўзбекистонда ёқилғи сарфини ҳам ҳисобга олади.
Илгари сервис фақат энг тезкор йўналишни таклиф этган бўлса, эндиликда манзил белгилангач, барча мавжуд вариантларни таққослаб, энг тежамкорини тақдим этади. Ҳар бир вариантда йўлга кетадиган вақт кўрсатилади. Баъзан тежамкор йўналиш энг тезкор йўлдан бироз кўпроқ вақт талаб қилиши мумкин.

Ушбу хизмат шаҳардаги кундалик қатновлар — ишга, ўқишга боришда ёки бошқа юмушларда жуда қўл келади. Узоқ масофаларда эса унинг афзаллиги янада яққол сезилади. Масалан, Тошкентдан Самарқанд ёки Чорвоққа боришда сервис энг мақбул йўналишни таклиф этади. Катта трассада ёқилғи сарфидаги озгина фарқ ҳам якунда сезиларли тежамкорликни беради. Ёқилғининг кам сарфланиши эса атроф-муҳитга етказиладиган зарарни ҳам камайтиради.
Тежамкор йўналиш хизматини йўлга қўйишдан кўзланган мақсад фақат манзилга тез етиб бориш эмас, балки ҳайдовчига қўшимча қулайлик ва танлов имкониятини яратишдан иборат.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА