Фирибгарлар «Poytaxt Parking» номидан хабар юбормоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт аҳолисини фирибгарликнинг янги туридан огоҳлантиради. Жиноятчилар «Poytaxt Parking» пуллик автотураргоҳлар тизими номидан SMS-хабар юбориб, тўланмаган қарздорлик борлигини ва уни манбадаги ҳавола орқали зудлик билан тўлашни таклиф қилмоқда.
Бир қарашда бу хабарлар расмийдек туюлади. Бироқ бунинг ортида фойдаланувчиларнинг шахсий ва банк маълумотларини эгаллашни мақсад қилган фирибгарлик схемаси яширинган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, «Poytaxt Parking» бундай SMS-хабарларни юбормайди ва қарздорликни учинчи томон ҳаволалари орқали тўлашни сўрамайди. Шу боис, шунга ўхшаш ҳар қандай хабарни сохта ва хавфли деб баҳолаш лозим.
Тўловни шошилинч амалга оширмаслик жуда муҳим. Шубҳали SMS-хабар келса, зинҳор банк картаси ва автоуловни рўйхатдан ўтказиш маълумотларини киритманг. Энг тўғри йўл — хабарни ўчириб ташлашдир.
Агар фойдаланувчи ҳаволага ўтиб, банк картаси рақамини киритиб қўйган бўлса, зудлик билан банкка мурожаат қилиб, картани блоклаши керак.
Автотураргоҳ учун қарздорлик бор-йўқлигини текширишнинг ягона хавфсиз йўли — «Poytaxt Parking» расмий мобил иловасидан фойдаланишдир. Айнан ушбу илова холис ва ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.
Қўшимча савол ёки муаммолар юзага келганда, 78 113-67-00 телефон рақамига ёки «Telegram»даги расмий @PoytaxtParkingsupportbot қўллаб-қувватлаш ботига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА