"Навбаҳор" ва "Сўғдиёна" чорак финалда!
Ўзбекистон Кубогининг чорак финалига йўл олган яна икки жамоа номи маълум бўлди.
Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал босқичида «Навбаҳор» — «Насаф» ва «Сўғдиёна» — «Жайхун» жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Наманганда ўтказилган баҳсда «Навбаҳор» 1:0 ҳисобида «Насаф» жамоасни мағлуб этди. Ягона голни Русланбек Жиянов учрашувнинг 90+2-дақиқасида киритди. «Сўғдиёна» эса ўз майдонида «Жайхун» клубидан 2:0 ҳисобида устун келди. Ўйиндаги голларга Филип Иванович (33) ва Абдулазизхон Абдурашидов (89) муаллифлик қилди.
Шу билан мамлакат кубогида чорак финалга йўл олган жамоалар сони тўрттага етди. Қолган тўртта чорак финалчи 15–16 сентябрь кунлари ўтказиладиган учрашувлардан сўнг маълум бўлади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, 15 сентябрь куни «Бунёдкор» — «Локомотив» ва «Андижон» — «Олимпик Мобиуз», 16 сентябрь куни эса ОКМК — «Хоразм» ҳамда «Ғазалкент» — «Қўқон-1912» клублари ўртасида баҳслар ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА