“Навбаҳор” уй учрашувларини ўз стадионида ўтказади
Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раҳбари Шавкат Абдураззоқовнинг ташаббуси билан 20 минг сиғимдан зиёд “Марказий” стадионда кенг қамровли таъмирлаш ишлари олиб борилди. Стадион чими тўлиқ янгиланди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг хулосасига асосан Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Марказий” стадиони мамлакат Суперлигаси талабларига мос, деб топилди. Эндиликда “Навбаҳор” уй учрашувларини ўзига бириктирилган ўйингоҳда ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Шу боисдан Тимур Кападзе бошчилигидаги “Лочинлар” уй суперлига ва кубок доирасидаги ўйинларни Тошкент шаҳридаги “Олимпия” стадионида ўтказиб келаётганди. Мавсум стартидан буён “Навбаҳор”чилар Суперлиганинг бешта учрашувни айнан пойтахтдаги стадионда ўтказиб, икки ғалаба, бир дуранг ва икки мағлубиятни қайд этиб, умумий ҳисобда етти очко жамғарди. Мазкур стадиондаги ҳисоб бўйича олтинчи, яъни Суперлига 13-тури доирасидаги ўйинни 23 июль куни Навоий вилоятининг “Қизилқум” клубига қарши ўтиши режалаштирилган.

ЎзПФЛ мутахассислари бундан икки ҳафта аввал Наманганда бўлиб, стадионда амалга оширилиши керак бўлган қўшимча ишларни белгилаб берган эди. Куни кеча, “Марказий” ўйингоҳ қайта мониторингдан ўтказилиб, у расмий учрашувларни қабул қилиш учун тайёр, деб топилди. Шундан келиб чиқиб, 2 августга режалаштирилган “Навбаҳор” – “Хоразм” учрашуви билан наманганлик футболчилар ўз стадионига қайтади.
Айни кунларда “Марказий” стадионда кабеллаштириш ишлари давом этмоқда. Тез орада Намангандаги ўйингоҳ бу борада водий вилоятлари орасида Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионидан кейин кабеллаштирилган иккинчи спорт мажмуасига айланиши кутилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.