Суперлига: “Пахтакор” ўз уйида ўйнайди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тури доирасида бугун учта ўйин ўтказилади. Дастлаб, соат 18:00 да “Насаф” ва “Бухоро” жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Шундан сўнг 19:00 да "Пахтакор" ўз майдонида “Машъал"ни қабул қилса, “Қизилқум” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги учрашув соат 20:15 да бўлиб ўтади.
"Пахтакор" ва “Машъал" клублари тўқнашуви олдидан ўзаро ўйинлар статистикасини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
Миллий чемпионат доирасида ушбу жамоалар ўзаро 40 учрашувда рақобатлашган бўлиб, уларнинг 29 тасида "Пахтакор", 5 тасида "Машъал" зафар қучган. Қолган 6 баҳсда кучлар тенг келган. Голлар нисбати 82/25 - пойтахт клуби фойдасига. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Машъал" Тошкентда 2007 йилдан буён очко қўлга кирита олмаган.

Энди кеча қайд этилган натижаларга тўхталиб ўтамиз.
Темур Кападзе бошқарувидаги "Навбаҳор" 2:0 ҳисобида "Сурхон"ни мағлуб этган бўлса, “Динамо” ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашув 1:2 ҳисобида якунланди. “Андижон” ўз майдонида ОКМК клубига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА