Навбаҳор Ҳамидова World Boxing кубоги босқичи финалида жанг қилади
Бразилиянинг Фоз де Игуасу шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида World Boxing ташкилоти кубогининг биринчи босқичида 49 та мамлакатдан 400 иштирокчи қатнашмоқда.
Мусобақанинг ярим финал босқичида миллий терма жамоамизнинг уч нафар аъзоси рингга кўтарилди. Ҳусусан, 48 килограммгача вазнда Фарзона Фозилова испаниялик Марта Лопезга имкон қолдирмади ва финал босқичида мексикалик Фатима Ҳеррера билан куч синашдиган бўлди.
World Boxing кубогининг ярим финал баҳсларида -65 кг. вазн тоифасидаги вакиламиз Навбаҳор Ҳамидова англиялик Сача Хискейни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Энди боксчимиз олтин медаль учун ўтадиган жангда қозоғистонлик Аида Абикеевага қарши рақобатлашади.
Афсуски, эркаклар ўртасидаги +90 кг. вазнда баҳсларга киришган Жаҳонгир Зокиров ярим финал баҳсида арманистонлик Давид Чалоянга 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва Зокиров бронза медали билан чекланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА