Америкада “Samarqand Digital Hub” инновацион маркази фаолият бошлади
Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги самарқандлик ишбилармонлар ва раҳбарлардан иборат делегация шу кунларда Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, сафар давомида вилоят делегацияси АҚШ штатлари раҳбарлари, йирик компаниялар вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, вилоят ҳокими Адиз Бобоев Миссури штати губернатори Майк Кехой ҳамда штат Сенати аъзолари билан учрашувда Самарқанд ва Миссури ўртасидаги иқтисодий, инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Музокаралар чоғида ҳамкорликни аниқ лойиҳалар асосида ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди. Хусусан, “Bunge” компанияси билан агросаноат кластерини ташкил этиш, “Post Holdings” компанияси билан озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш таклиф қилинди. Шунингдек, Миссуридаги қатор компаниялар билан саноат автоматизацияси, мебель ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Миссури штати Вакиллар палатаси спикери Чад Перкинс ва Сенат аъзолари билан учрашувда Самарқанд вилоятида Америка капитали иштирокидаги корхоналар сони ортиб бораётгани қайд этилди. 2025 йил якунларига кўра вилоятимиз ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 15 миллион долларга етди. Бугунги кунда Самарқанддан Америка бозорига майиз, қуритилган мева-сабзавотлар, гилам ва гилам маҳсулотлари, консерва, ичимликлар ҳамда қалампир каби маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.


Музокаралар чоғида Миссури штати қонунчилик ва бизнес доиралари делегациясининг Самарқандга ташрифини ташкил этиш, олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, логистика, IT ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Сафарнинг эътиборли жиҳатларидан бири АҚШнинг Сан Франциско шаҳрида “Samarqand Digital Hub” инновацион маркази ўз фаолиятини бошлагани бўлди.


Янги марказ иш бошлаган илк кундаёқ “Humonola Inc” компанияси билан стартап лойиҳаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Мазкур келишув ўзбекистонлик ёш дастурчилар ва инноваторлар учун ўз ғояларини глобал миқёсда, хусусан, АҚШ бозорида илгари суриш имкониятларини кенгайтиради.
“Samarqand Digital Hub” нафақат IT ва стартап экотизимини ривожлантиришга хизмат қилади, балки технологик ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим платформага айланиши кутилмоқда. Марказ орқали Самарқанд вилоятидаги ёшларнинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни халқаро инвесторлар ва технологик ҳамжамият билан боғлаш мақсад қилинган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири