Инсон ва интеллект: Чексизлик остонасидаги суҳбат
Сунъий интеллект бугун ҳаётимизга фаол кириб келмоқда. Унинг инсоният, жамият ҳаётидаги аҳамияти қандай? Барқарор ривожланиш маркази директори Элёржон Саминов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

– Бугун инсоният тарихидаги энг тез тарқалаётган технология айнан сунъий интеллект бўлиб қолмоқда, – деди Элёржон Саминов. – Ҳисоботларга кўра, AI интернетдан ҳам тезроқ оммалашмоқда. Сўнгги уч йил ичида дунё бўйича 1,2 миллиарддан ортиқ инсон AI платформаларидан фойдалангани бу жараённинг қанчалик улкан кўламга чиққанини кўрсатади. Кечагина фантастика бўлиб туюлган технологиялар бугун кундалик ҳаётнинг оддий қисмига айланди. ChatGPT каби генератив AI тизимлари, тиббий диагностика алгоритмлари, автоматлаштирилган таржимонлар ва AI-аналитика платформалари инсоннинг кундалик фаолиятига чуқур кириб бормоқда.
Биз ғоят нозик ва масъулиятли даврга кириб келдик. Бу — инсон ўз ақлининг рақамли аксини яратаётган давр. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ривожланиш дастури — United Nations Development Programme томонидан эълон қилинган “People and Possibilities in the Age of AI” ҳисоботида таъкидланганидек, инсоният нафақат технологиялар асрида, балки “инсоний салоҳиятнинг янги чегаралари” очилаётган замонда яшамоқда. Энди сунъий интеллект оддий дастур ёки техник восита эмас — у иқтисодиёт, сиёсат, таълим, тиббиёт ва ҳатто инсон тафаккури билан боғлиқ янги воқеликка айланди.
Кечагина фантастика бўлиб туюлган жараёнлар бугун ҳаёт ҳақиқатига айланди. Алгоритмлар матн ёзмоқда, инсон нутқини англамоқда, ташхис қўймоқда, таҳлил қилмоқда, ҳатто қарор қабул қилиш жараёнларига ҳам аралашмоқда. Бир пайтлар инсон фикри қоғозга туширилган бўлса, бугун у кодга айланмоқда. Сиёҳ ўрнини маълумотлар, китоб ўрнини рақамли платформалар, архив ўрнини булутли хотиралар эгалламоқда.
Аммо бу жараён фақат технология тараққиёти билан чекланмайди. У дунё иқтисодиёти ва геосиёсатини ҳам ўзгартирмоқда. United Nations Conference on Trade and Development прогнозларига кўра, 2033 йилга бориб AI глобал бозори 4,8 триллион долларга етади. Бу Германия иқтисодиёти ҳажмига тенг кўрсаткичдир. Асосий ўсиш булутли технологиялар, дата-марказлар, generative AI ва киберхавфсизлик соҳаларида кузатилмоқда. Бугун АҚШ ва Хитой дунёдаги AI ҳисоблаш қувватининг тахминан 86 фоизини назорат қилмоқда. Бу эса сунъий интеллект оддий технология эмас, балки геосиёсий кучга айланаётганини англатади.
Аммо тараққиётнинг энг муҳим саволи ҳам айнан шу ерда туғилади: технология кимга хизмат қилади?
“Technology and Innovation Report 2025” ҳисоботида “Inclusive Artificial Intelligence for Development” — “Инклюзив сунъий интеллект” ғояси асосий тамойил сифатида илгари сурилади. Бу ғоянинг моҳияти шундаки, сунъий интеллект фақат технологик гигантлар ёки бой давлатлар қўлидаги қурол бўлиб қолмаслиги керак. У дунёнинг энг чекка қишлоғига ҳам, имконияти чекланган инсонга ҳам, ривожланаётган мамлакатларга ҳам хизмат қилиши лозим. Чунки келажакда бойлик нефть ёки олтин билан эмас, балки маълумот, инновация ва интеллектуал капитал билан ўлчанади.
Бугун дунё янги рақамли пойга ичида яшамоқда. Кимда кучли AI инфратузилмаси, катта маълумотлар базаси ва рақамли кадрлар бўлса, эртанги иқтисодий устунлик ҳам ўша давлат қўлида бўлади. Ҳисоботларга кўра, келажакда давлатлар “сунъий интеллект яратувчилари” ва “сунъий интеллект истеъмолчилари”га бўлиниши мумкин.
Бу эса инсониятни яна бир хавф — рақамли тенгсизлик билан юзлаштирмоқда. Ҳозир дунёда қарийб 4 миллиард инсон AI экотизимида тўлиқ иштирок эта олмайди. Сабаб — интернет, электр энергияси ва рақамли таълим имкониятларининг чеклангани. Юқори даромадли давлатларда AI adoption даражаси 23 фоизни ташкил этаётган бўлса, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич 13 фоиз атрофида қолмоқда. UNDP бу жараённи “The Next Great Divergence” — “Янги катта тафовут” деб атамоқда.
Ривожланган давлатларда алгоритмлар иқтисодиётни бошқараётган бир пайтда, айрим мамлакатларда ҳали ҳам интернетга тўлиқ кириш имкони чекланган. Баъзи юртларда болалар робототехника ўрганаётган бўлса, бошқа ҳудудларда оддий рақамли саводхонлик ҳам муаммо бўлиб қолмоқда. Демак, XXI асрнинг янги ижтимоий муаммоси — технологияга тенг кириш имконияти.
Шу нуқтада инсоннинг ўзи ҳақидаги савол яна кун тартибига чиқади. Сунъий интеллект ҳисоблайди, аммо ҳис қила олмайди. У таҳлил қилади. Лекин виждон азобини сезмайди. У ёзади, аммо соғиниш нималигини билмайди.
Процессор қанчалик тез ишламасин, у она меҳрини, инсон дардини ёки ижодий илҳомни тўлиқ англай олмайди. Инсоннинг такрорланмаслиги ҳам ана шунда — унинг маънавиятида.
Шу боис БМТ ҳисоботларида рақамли ривожланиш масаласи инсон капитали билан чамбарчас боғланади. Асосийси инсонни машина билан алмаштириш эмас, балки инсон имкониятларини кенгайтиришдир. Машина ҳисоблайди, инсон эса маъно беради.
Ҳақиқат шундаки, сунъий интеллект миллионлаб иш ўринларини ўзгартириши мумкин. Айрим касблар йўқолади, янги соҳалар пайдо бўлади. UNDP тадқиқотларига кўра, дунё аҳолисининг қарийб ярмининг иши автоматлашиши мумкин. Бироқ 60 фоиз инсон AI янги иш ўринлари яратади, деб ишонади. Фақат 13 фоиз одамгина AI ишсизликни кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бу эса инсоният AIни рақиб эмас, балки имконият сифатида қабул қила бошлаганини кўрсатади.
Энди дунёга жисмоний меҳнатдан кўра аналитик фикрлаш, рақамли саводхонлик ва ижодий тафаккур керак бўлади. XXI асрнинг энг қиммат бойлиги — билим.
2025 йилги Human Development Report ҳисоботи яна бир хавотирли тенденцияни кўрсатди: пандемиядан кейин инсон тараққиёти ўсиши кескин секинлашган ва 2024–2025 йилларда глобал инсон тараққиётининг ўсиши 1990 йилдан бери энг паст даражага тушган. Бу эса дунё иқтисодий инқирозлар, геосиёсий зиддиятлар, иқлим муаммолари ва технологик номутаносибликлар билан бир вақтда курашаётганини англатади.
Шу билан бирга, AI таълим ва тиббиёт соҳасида мисли кўрилмаган имкониятлар яратмоқда. Паст ва ўрта Human Development Report давлатларида яшовчиларнинг 70 фоизи AI иш самарадорлигини оширади деб ҳисоблайди. Кўпчилик яқин йилларда AI дан таълим, тиббиёт ва иш жараёнларида фойдаланишни режалаштирмоқда. Бугун AI тиббиётда эрта диагностика, таълимда индивидуал ўқитиш, қишлоқ хўжалигида прогноз таҳлиллари ва давлат бошқарувида smart governance тизимларини ривожлантирмоқда.
Марказий Осиё учун ҳам бу жараён ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки келажак иқтисодиёти табиий ресурсларга эмас, балки технология ва интеллектга таянади. Университетларда AI, data science ва киберхавфсизликни ўқитиш эртанги тараққиётга инвестициядир. Давлат бошқарувини рақамлаштириш эса шаффофлик ва самарадорликни оширади.
Бироқ технология тараққиёти инсон қадриятидан устун келмаслиги шарт. Чунки агар сунъий интеллект адолатсизликни кучайтирса, инсонни назорат объектига айлантирса ёки рақамли мустамлакачиликка хизмат қилса, тараққиёт маънавий инқирозга айланиши мумкин.
Инсоният бугун тарихий танлов олдида турибди: келажакни алгоритмлар белгилайдими ёки инсон тафаккури? Жавоб оддий, аммо масъулиятли – технологияни ким бошқарса, келажакни ҳам ўша яратади.
Шунинг учун бугунги энг катта вазифа — сунъий интеллектни инсон манфаатига хизмат қилдириш. Келажак инсон ва машина рақобатида эмас, балки уларнинг уйғунлигида. Чунки технологиянинг ҳақиқий қиймати унинг қудратида эмас, балки инсониятга қанчалик фойда келтиришидадир.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.