Янгийўл туманида томорқа ерларидан самарали фойдаланаётган хонадонлар фаолияти билан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун Пресс-тур ташкил этилди.
Унда туман ҳокимлиги масъуллари ва Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси мутахассиси журналистларга Бунёдкор, Гулбоғ, Маданият ва Дархон маҳаллаларида истиқомат қилувчи томорқачиларнинг иш тажрибалари кўрсатилди.


Хусусан, бугунги кунда ҳудуд аҳолиси малина, гул, кўкат ва сабзавот етиштириш борасида катта тажриба тўплаган. Айниқса, иссиқхона шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, қўшимча даромад топаётган хонадонлар жуда кўп.
Жумладан, “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини драйвери деҳқончилик ва чорвачилик ҳисобланади. Бу ердаги 74 фоиз хонадон эгаси иссиқхоналарда сабзавотлар етиштиришни яхши йўлга қўйган. Янгийўл тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими раҳбари Алишер Турсуновнинг айтишича, Мурод Элибоевнинг 14 сотих ерда иссиқхонаси бор. Унда асосан булғор қалампирининг “Калифорния” нави етиштирилади. Саккиз сотих ерда эса турли хилдаги кўкатлар парвариш қилиниши билан бирга, беш бош қорамол ҳамда 60 дона парранда ҳам боқилади. Хонадон эгаси йил давомида томорқадан 105-120 миллион сўмгача даромад олади. Маҳалладаги хоким ёрдамчиси тавсияси билан бу оилага томорқачиликни ривожлантириш мақсадида 66 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.


Пресс-тур давомида журналистларга “Гулбоғ” МФЙ аҳолиси тажрибаси ҳам кўрсатилди. Бу ҳудудда 855 хонадон бўлиб, 1 минг 125 та оила яшайди. Ҳудуднинг 85 фоиз хонадонларида иссиқхоналар мавжуд бўлиб, барча оилалар кўкат ва резавор ўсимликлар етиштиради. Маҳсулотларга эса йил бўйи ички бозорда харидорлар етарли.
Шунингдек, Дархон маҳалласида истиқомат қилувчи Зулфия Қодирова ҳам меҳнатсевар, фидойи аёллардан. У турмуш ўртоғи Собир Қодиров билан кўп йиллардан бери томорқада малина парваришлаб келмоқда. Бугун уларнинг ҳовлисида 30 сотихдан ортиқ майдонни эгаллаган малина боғи ҳосилга кирган. Кичик анор боғидаги мевалар бўлса кўзни қувонтиради. Бу боғ шунчаки дарахтлар эмас меҳнат, сабр ва муҳаббат намунасидир.


Бугун бу инсонлар 35 йиллик меҳнатнинг самарасини кўриб, рўзғорини фаровон, кўнглини тўқ қилган ҳолда яшамоқда. Аслида дархонлик кўплаб аёллар Зулфия опадан илҳом олиб, ўз ҳовлисидан малина, гул ва кўкат экишни бошлаган. Ҳозирда маҳалла ҳақиқий гулзор ва мевалар диёрига айланмоқда.
Пресс-тур давомида ҳудуд мутахассислари томонидан журналистларга мазкур аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Rk5b5lUSy-8" title="Tomorqa tajribasi ommalashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, ЎзА.