Наманганда янги жамоат транспорти йўналишлари ташкил қилинади
Наманган шаҳрида инфратузилмани ривожлантириш, айниқса, сифатли йўловчи ташиш транспортини кўрсатиш ҳал этилиши лозим бўлган долзарб муаммолардан биридир.
Президентимизнинг шу йил май ойида ўтказилган ҳудудларда жамоат транспортини янада яхшилаш ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишувида Наманган шаҳрини бир миллионлик шаҳарга айлантириш бўйича белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб, аҳли ва сайёҳлар учун замонавий “яшил транспорт” йўналишларини кўпайтириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш топширилган эди.
Давлатобод туманида жойлашган вилоят вазиятларни бошқариш марказида бўлиб ўтган Наманган шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаси тақдимотида ушбу муҳим масала ечимларига эътибор қаратилди.

Тақдимотда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғофуржон Жамолов, Наманган шаҳри ва Давлатобод, Янги Наманган туманлари ҳокимлари, вилоят транспорт бошқармаси, вилоят ички ички ишлар тизимининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда соҳага алоқадор ташкилотлар раҳбар ва мутахассислар қатнашдилар.

Тадбирда қайд қилинганидек, бугунги кунда Наманган шаҳрида аҳоли ва транспорт воситалари сонининг ортиб бораётгани шаҳар транспорт тизимини янги ёндашувлар асосида ривожлантиришни тақозо этмоқда.

Айни шу мақсадда ишлаб чиқилган бош режада вилоят марказининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини бугунги эҳтиёжлар ҳамда келгуси ривожланиш истиқболларидан келиб чиқиб такомиллаштириш бўйича комплекс таклифлар ўрин олган.
Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида замонавий рақамли технологиялардан фойдаланилиб, транспорт оқимлари ва асосий чорраҳалардаги ҳаракат интенсивлиги таҳлил қилинди.

Аҳолининг талаб ва истаклари ҳам ўрганилиб, шаҳар бўйлаб 27 та янги жамоат транспорти йўналишини ташкил қилиш таклиф этилди. Қолаверса, пиёда ва велосипед йўлаклари, янги йўл ўтказгичлар, тоннеллар ҳамда пиёдалар учун хавфсиз ўтиш жойларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Бинобарин, замонавий шаҳар транспорт тизими фақат автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш эмас, балки, аввало, инсон учун қулай, хавфсиз ва самарали ҳаракатланиш муҳитини яратишни талаб этади.
Йиғилишда шаҳар бош режасида назарда тутилган таклифларни амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиш, транспорт оқимини самарали бошқариш ва жамоат транспорти хизматлари сифатини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Энг асосий мақсад Наманган шаҳрида аҳоли учун хавфсиз, қулай, замонавий ва экологик барқарор транспорт муҳитини яратишдир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.