Наманганда “Яшил транспорт” такомиллашмоқда
Наманган вилоятида ҳам жамоат транспорти тизимини замонавийлаштириш, аҳолига қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
Сўнгги йилларда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва ҳаракат таркибини замонавий, экологик тоза автобуслар билан янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги "Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида охирги икки йилда тадбиркорлар томонидан Наманган шаҳрига хориждан 108 та замонавий автобус олиб келиниб, 10 та йўналишда брутто шартнома асосида қатновлар йўлга қўйилди.

Эътиборлиси, шаҳар жамоат транспорти таркибида экологик тоза транспорт воситалари салмоғи ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, “Фирдавс транс сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан 12 та “Yutong” русумли автобуслар олиб келиниб, 25 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Янги автобуслар тақдимотида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва тегишли мутасаддилар иштирок этди. Тадбир давомида замонавий транспорт воситалари кўздан кечирилиб, уларнинг техник имкониятлари, йўловчилар учун яратилган қулайликлари ҳамда шаҳар йўналишларида фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этиш даркор, жорий йилнинг сентябрь ойида “Турон-95 МБИ” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан замонавий 10 дона “Zhongtong” русумли электробус олиб келиниб, фойдаланишга топширилган эди.

Умуман олганда, вилоят марказига олиб келинган замонавий ва қулай автобуслар сони 130 тага етди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.