Наманганда янги ўқув йили учун замонавий таълим масканлари барпо этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳрида янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида таълим муассасаларини замонавий ва қулай шароитларга эга қилиш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, 88-сонли умумтаълим мактаби учун 570 ўринли янги ўқув биноси барпо этилди. Инвестиция дастури доирасида амалга оширилган мазкур лойиҳа “Mega Asia Design Stroy” МЧЖ томонидан 5 миллиард 932 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилди.
Замонавий меъёр ва талаблар асосида барпо этилган бинода ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ҳамда педагогларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилган.
[gallery-31121]
7-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида 990 ўринли қўшимча ўқув биноси фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди.
Пудратчи “CHORTOQ BARKAMOL QURILISH TA’MIR SERVIS” МЧЖ томонидан 8 миллиард 990,2 миллион сўм маблағ ҳисобидан барпо этилган мазкур бино замонавий талаблар асосида жиҳозланиб, ўқувчилар учун зарур шароитлар яратилди.
31-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Хусусан, “MEGA ASIA DESIGN STROY” МЧЖ томонидан 14 миллиард 306 миллион 732 минг сўм маблағ ҳисобидан 750 ўринли замонавий қўшимча ўқув биноси барпо этилиб, фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди. Шунингдек, мактабнинг мавжуд 1130 ўринли ўқув биносида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ўқувчилар учун янада қулай шароитлар яратилди.
Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камjлов шаҳардаги таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнини ўрганиш давомида мактабларда яратилган шароитлар билан танишди.
Ўрганиш жараёнида ўқув хоналари, инфратузилма ва мавжуд имкониятлар кўздан кечирилиб, таълим сифатини ошириш, ўқувчилар учун қулай муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш, ободонлаштириш ва якуний тайёргарлик ишларини сифатли ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА