Янги ўқув йилига тараддуд қизғин
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги ўқув йилини муносиб кутиб олиш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчи ва тарбияланувчилар учун замонавий ҳамда қулай шароитлар яратиш мақсадида Наманган шаҳрида бунёдкорлик ва реконструкция ишлари изчил давом этмоқда.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида шаҳардаги учта таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 2026 йил инвестиция дастури доирасида 85- ва 88-умумтаълим мактабларига қўшимча ўқув бинолари қуриш ҳамда 16-давлат мактабгача таълим ташкилотини қайта қуриш белгиланган.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 16,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
85-умумтаълим мактабида 5,8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 480 ўринли қўшимча бино барпо этилмоқда. Айни пайтда бинодаги синфхоналарни пардозлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
[gallery-30942]
88-умумтаълим мактабида эса 5,9 миллиард сўм қийматидаги 570 ўринли қўшимча ўқув биноси қуриб битказилди. Ҳозирда бинода ички пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари якуний босқичда.
Шунингдек, 16-давлат мактабгача таълим ташкилоти учун 4,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 150 ўринли янги бино барпо этилди. Замонавий объектда тарбияланувчилар учун зарур шароитлар яратилган.
Янги ўқув йили арафасида таълим инфратузилмасини ривожлантириш, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларини замонавий қиёфага келтиришга қаратилган бундай лойиҳалар ўқувчи ва тарбияланувчилар учун муносиб шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА