Кейинги йилларда Наманган Янги Ўзбекистонни дунёга кенг танитиш, юртимиз туризм имкониятларини оширишга хизмат қилувчи марказлардан бирига айланмоқда. Давлатимиз раҳбари бошчилигида туризмни ривожлантиришга оид ўтказилган видеоселектор йиғилишида эътироф этилганидек, Наманган вилоятида жорий йилнинг ўзида кўплаб маданий, туризм, спорт бўйича халқаро анжуманлар юқори савияда ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Янги Наманган туманидаги “Ёшлик барака” бозорида Фарғона водийсида илк бор Халқаро зотдор ҳайвонлар ва паррандалар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наманганда сайёҳларни ўзига жалб этувчи фестиваллар сони кўпайиб бораётганлиги, ушбу кўргазмали тадбир ҳам чорвачилик ва паррандачилик ривожида ўзаро тажриба алмашиш, зотдор ҳайвонлар ва паррандаларни кўпайтириш баробарида соҳага илмий ёндашувни олиб кириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сифатли гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирга келганлар кўргазмадан ўрин олган 30 мингдан зиёд зотли ҳайвонлар ва ноёб паррандаларни кўздан кечирди. Эътиборлиси, нуфузли тадбирда юртимизнинг турли ҳудудларидан 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадбиркор 1000 дан зиёд чорва ҳайвони ҳамда паррандалар билан иштирок этди. Уларнинг орасида слатка зотли баҳоси 80 минг долларга тенг ноёб от ва 30 минг долларга баҳоланган арашан зотли қўчқор ҳам бор.
Қолаверса, кўргазмадан 250 килодан юқори тош босадиган зотдор қўйлар, отлар, туялар, буқалардан тортиб, туяқуш ва ноёб паррандалар ўрин олган. Кўргазмага қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон мамлакатларидан тадбиркорлар ҳам ташриф буюришди. Ўзининг зотли эчкиларини олиб келган Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Болакай” фермер хўжалигининг иштироки чорвадорларнинг эсида қоладиган бўлди. Гап шундаки, 5-6 литр атрофида сут берадиган ушбу зотли эчкилардан бири кўргазма куни эгизакли бўлди.
– Бугунги тадбир жуда файзли ўтди, қолаверса, биз учун баракали бўлди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Қудратулла Файзуллаев. – Австрия давлатидан олиб келинган 6 та зотли эчки билан кўргазмада қатнашдик, уларнинг сони шу ерда 8 тага етди. Эчкилардан бирини Наманганга совға қилмоқчиман.
Илк бор ташкил этилган кўргазманинг тантанали тақдирлаш маросимида “Энг зотдор қўй”, “Энг зотдор новвос (буқа)”, “Энг зотдор от” номинациялари бўйича ғолиб деб топилган иштирокчиларга 1-ўрин учун 30 миллион, 2-ўрин учун 20 миллион, 3-ўрин учун 10 миллион сўм пул мукофотлари берилди. Шунингдек, паррандачилик ва бошқа йўналишларда ҳам қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири