Мирзо Улуғбек мадрасасидан фоторепортаж
Темурийлар давлати Марказий Осиё тарихида нафақат сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан, балки илм-фан, маданият ва меъморчилик соҳаларида ҳам улкан из қолдирган. Ана шу бой мероснинг ёрқин намуналаридан бири Бухоро шаҳридаги Мирзо Улуғбек мадрасасидир.
Мазкур мадраса 1417 йилда Амир Темурнинг набираси, буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек томонидан бунёд этилган.
Мирзо Улуғбек илм-фан тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган тарихий шахс сифатида эътироф этилади. У Самарқандда машҳур расадхона барпо эттириш билан бирга, Бухоро, Ғиждувон ва Самарқанд шаҳарларида бир қатор мадрасалар қурдирган. Бухородаги ушбу мадраса унинг дастлабки йирик таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
Мадраса меъморий жиҳатдан икки қаватли қилиб қурилган бўлиб, унинг ички тузилиши анъанавий шарқона услубда барпо этилган. Марказий қисмни ички ҳовли эгаллаган бўлиб, унинг атрофида талабалар учун мўлжалланган ҳужралар — дарсхона ва яшаш хоналари жойлашган. Ҳар бир ҳужра кичик, аммо қулай ва функционал бўлиб, талабаларнинг таълим олиши ҳамда яшаши учун мослаштирилган.
Мадраса пештоқи, гумбазлари ва деворларидаги кошин безаклари нафислиги ҳамда мураккаб геометрик нақшлари билан ажралиб туради. Тарихий манбаларда қайд этилишича, ушбу мадраса ўз даврида Марказий Осиёнинг энг нуфузли илм масканларидан бири бўлган. Бу ерда диний илмлар билан бир қаторда математика, астрономия ва фалсафа каби фанлар ҳам ўқитилган. Бу эса Мирзо Улуғбекнинг илм-фанга бўлган кенг қамровли қарашларини яққол намоён этади.
Мадраса бугунги кунда Бухоро шаҳрининг муҳим тарихий обидаларидан бири сифатида сақланиб келмоқда. Айни пайтда унинг ички қисмида реставрация ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса-да, бу ҳолат обиданинг тарихий аҳамиятига путур етказмайди. Аксинча, амалга оширилаётган ишлар мадрасанинг асл қиёфасини сақлаб қолиш ва уни келажак авлодларга безавол етказишга хизмат қилмоқда.
[gallery-28982]
Сайёҳлар ушбу тарихий масканга нафақат унинг бетакрор меъморий гўзаллигини томоша қилиш, балки темурийлар давридаги илмий муҳит руҳини ҳис этиш учун ҳам ташриф буюрмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА