Наманганда "таълим-тарбия йили"
Жорий йилнинг 31 март куни Президентимиз ҳузурида бўлиб ўтган Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган тақдимотда белгиланган вазифалар ижроси доирасида 2026 йил Наманганда “Таълим ва тарбия йили” сифатида белгиланиб, мазкур йўналишда кенг қамровли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш борасида ижобий натижаларга эришишга қаратилган муҳим лойиҳалардан бири Учқўрғон туманининг олис манзилларидан ҳисобланган Баҳриобод маҳалласида амалга оширилди. Ушбу ҳудудда жойлашган 46-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг бундан эллик йил аввал қурилган 90 ўринли эски биноси ўрнида замонавий, намунавий лойиҳа асосида икки қаватли янги бино барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Янги боғча 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, болажонлар учун барча замонавий шарт-шароит яратилди. Ёруғ ва кенг гуруҳ хоналари, замонавий жиҳозлар, болалар ўйин майдончалари, хавфсиз ва қулай инфратузилма ана шулар жумласидан.
Айниқса, муассасада ўрнатилган замонавий иситиш ва совитиш тизими – энергия тежамкор иссиқлик насоси алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу технология орқали бинода қишда доимий иссиқлик, ёзда эса салқин муҳит таъминланади. Қолаверса, кам электр сарфи орқали юқори самарадорликка эришилади ҳамда экологик тозалик таъминланади.

Эътиборлиси шундаки, тарбия масканида илғор, жумладан япон таълим тизими элементларини жорий этиш учун ҳам барча имкониятлар яратилган.
Қурилиш ишларига жами 4,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, пировардида олис қишлоқдаги кичкинтойлар учун замонавий ва сифатли таълим-тарбия муҳити ҳозирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА