Янги имкониятлар эшиги очилди
Сирдарё вилояти Боёвут туманининг Учтурғон маҳалласида 150 нафар болага мўлжалланган 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Лойиҳа учун 4,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, болалар ва педагоглар учун замонавий шароитлар яратилди.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.

— Аввалги биномиз эскириб, бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган эди. Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида бино қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шароитларимиз анча яхшиланди, хоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Тарбияланувчилар ва уларга таълим-тарбия бераётган педагоглар учун муносиб муҳит яратилди. Бундан қувонмай бўладими?! — деди 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудири Асал Эрбўтаева.

Муассасани қайта қуриш ва жиҳозлаш ишлари "Panterra-Servis Hamkor" масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан бажарилди. Бинонинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда Боёвут тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зафаржон Камолов, мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамда ота-оналар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар таълим муассасаларини замонавийлаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва болалар учун муносиб таълим-тарбия муҳитини яратишга қаратилаётган эътиборни таъкидлади. Иштирокчилар янгиланган бино ва ундаги шароитлар билан танишишди.

— Очиғини айтсам, ҳавас қилса арзийдиган шароит яратилибди. Муассаса шаҳардаги боғчалардан асло қолишмайди. Фарзандларим бундан олдин эски бинодаги боғчага қатнаган бўлса, энди замонавий муассасада таълим-тарбия олади. Болаларимиз учун яратилган шароитларни кўриб, жуда қувондим. Зеро, келажагимиз эгалари шундай масканларда тарбия топиб, камолга етади. Бу нафақат менинг, балки барча ота-оналарнинг қувончи, — дейди маҳалла фуқароси Нозимжон Мирзаев.

Янгиланган боғча нафақат Учтурғон маҳалласи оилалари учун қулайлик, балки болажонларнинг сифатли таълим-тарбия олиб, билимли ва баркамол авлод бўлиб улғайиши учун ҳам муҳим масканга айланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири