Наманганда “Саломатлик марафони”га старт берилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тиббий профилактика, касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган мазкур акция доирасида 1 майдан ой охирига қадар вилоят марказида кенг кўламли соғломлаштириш тадбирлари амалга оширилади. Унда аҳолининг барча қатламлари, жумладан болалар ва кекса авлод вакиллари қамраб олинади.
Пойтахтимиз тиббиёт марказларидан жалб этилган мутахассислар ҳамда вилоятдаги турли йўналишлар бўйича малакали шифокорлар бир ой давомида аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатади. Барча оилавий поликлиникаларда замонавий юқори технологик тиббий жиҳозлар — компьютер томограф, ангиография, маммограф, офтальмологик мобиль ускуналар орқали текширув ва скрининглар ўтказилади.
[gallery-29185]
Давлатбод туманидаги “Янги Ўзбекистон” боғида марафоннинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда шифокорлар, ҳамширалар, кўнгилли ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, май ойи давомида оилавий поликлиникалар билан бир қаторда бозорлар ҳамда аҳоли гавжум ҳудудларда “Саломатлик нуқталари” ташкил этилиши, шунингдек, таълим муассасаларида тиббий кўриклар ўтказилиши аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбир таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан давом эттирилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА