Наманганда эътиборга молик халқаро кўргазма бўлади
Ички ва ташқи туризм жадал ривожланиб бораётган ҳудудлардан бири – Наманганда шу йилнинг 21 ноябрь куни тўртинчи Халқаро “Зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалар” кўргазмаси бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари ходлимлари ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Хондамир Охунбобоев чорвачилик ва паррандачилик соҳасини ривожлантириш, наслчилик йўналишидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилаётган ушбу кенг кўламдаги тадбирга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берди.


Янги Наманган туманидаги “Ёшлик барака” чорва ҳайвонлари бозорида анъанавий равишда ўтказиладиган навбатдаги кўргазма чорвачилик ва паррандачилик тармоқларидаги истиқболли йўналишларни белгилаб бериш, хорижий тажрибаларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга. Бу йилги тадбирда мамлакатимиз ҳудудларидан ташқари қўшни Тожикистон ва Қирғиз Республикасидан 30 мингдан зиёд меҳмонлар келиши кутилмоқда.
Кўрагазмада 240 бош зотдор қўй, 130 бош қорамол, 45 бош эчки, 20 бош от, 15 бош туя, 100 бош қуён ва 250 бош парранда кўрсатилади. Товуқ, ўрдак ва беданалар билан бир қаторда, алоҳида майдонда ноёб қушлар ва паррандалар намойиш этилади. Эътиборлиси, соҳа вакиллари наслчилик бўйича тажриба алмашиб, ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинади.

Қайд этилганидек, бундай халқаро майдонлар зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандаларни намойиш этиш билан бирга, наслчиликни такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий қилиш, инвеститсия жалб этиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда алоҳида ўрин тутади.

Шунингдек, кун давомида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ветеринария анжомлари савдо ярмаркалари ўтказилади. Асаларичилик ярмаркасида ўндан ортиқ малакали асал етиштирувчи ўз маҳсулотларини тақдим қилади.

Тадбир доирасида маданий дастурлар, спорт чиқишлари ва кўргазмали намойишлар, зотдор чорва ҳайвонлари ҳамда паррандалар билан танишув, ғолиб ва иштирокчиларни тақдирлаш маросими ўтказилади.

Кўргазма мобайнида вилоятда фаолият юритаётган тижорат банкларининг чорвачиликни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган хизматлари ярмаркаси, ноёб қушлар ва паррандалар кўргазмаси уюштирилади.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг савол ҳамда таклифларига соҳа мутахассислари томонидан бафурча жавоб қатарилди. Кўргазмани кенг ёритиш, аҳоли ва тадбиркорларни тадбирнинг мазмун-моҳияти ҳамда имкониятларидан хабардор қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири