Амир саройи яна меҳмон кутишга ҳозирланмоқда
Бухоронинг тор кўчалари, қадимий гумбазлари, асрлар сирини сақлаган деворлари... Бу шаҳарга келган сайёҳ учун ҳар бир пештоқ ва ҳар бир нақшнинг ўз тарихи бор. Кимдир Пойи Калон мажмуаси ҳамда асрлар оша қад ростлаб турган миноранинг маҳобатига маҳлиё бўлса, кимдир Лаби Ҳовуз атрофидаги тарихий муҳитдан завқ олади. Аммо Бухоронинг ўтмиши фақат эски шаҳар билан чекланмайди. Унинг яна бир қизиқарли саҳифаси бир вақтлар Янги Бухоро деб аталган Когон шаҳрида сақланиб қолган.
Бу ерда Шарқ ва Ғарб меъморчилиги уйғунлашган муҳташам Амир саройи бор. Қарийб 130 йил аввал хорижий меҳмонларни кутиб олиш учун қурилган маскан бугун яна тарихий қиёфасига қайтарилмоқда.
Сарой тарихи XIX аср охирида Бухоро ҳаётида юз берган катта ўзгариш билан боғлиқ. 1888 йилда бу ҳудудга илк поезд кириб келди. Темир йўл савдо-сотиқ ва қатновни жонлантирди. Янги Бухоронинг аҳамияти ортиб, шаҳар қиёфаси ўзгара бошлади. Ана шу даврда Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон хориждан келадиган юқори мартабали меҳмонлар учун алоҳида қароргоҳ қурдиришга фармон берди. Қурилиш 1895 йилда бошланиб, уч йил давом этди. Меъмор Бенуа лойиҳаси асосида барпо этилган саройда муҳандис Дубровин, бухоролик ва россиялик усталар меҳнат қилди.
Бинонинг ташқи кўринишидаёқ икки меъморчилик мактаби изи сезилади. Минора, гумбаз ва нафис ганч нақшлари шарқона ҳашаматни намоён этса, хоналарнинг тузилиши ва безакларида Европа услублари акс этган. Саройда ҳар бири ўзига хос безатилган 17 та хона мавжуд. Катта кутубхона, қабулхоналар, Европа услубидаги ошхона ва узунлиги 17 метр бўлган рақс зали ўша давр ҳаёти ҳақида тасаввур беради.
Бинонинг муҳандислик ечимлари ҳам эътиборга молик. Қишда хоналар голланд услубидаги печлар ёрдамида иситилган. Иссиқ ҳаво деворлар орасидаги махсус йўлаклардан тарқалган. Ёзда эса ертўладан келадиган салқин ҳаво шу йўлаклар орқали хоналарга йўналтирилган.
Бир пайтлар олий мартабали меҳмонлар кутиб олинган бу сарой кейинчалик Амир Сайид Олимхон даврида ҳам қароргоҳ вазифасини бажарган. 1920 йилдан сўнг унинг тарихида янги саҳифа очилди, бу ерда “Ёш бухороликлар” томонидан аёллар мактаби ташкил этилди. 1947 йилдан эса бинода темир йўл тизимининг Бухоро бўлими жойлашди. Кейинчалик сарой темирйўлчиларнинг маданий масканига айланди. Даврлар ўзгарди, саройнинг вазифаси ҳам. Аммо унинг деворларидаги ганч гуллари, бўртма нақшлари ва нозик безаклари ҳамон ўтмишдан сўзлаб турибди.
Бугун ана шу бебаҳо меросни асраб қолиш мақсадида кенг кўламли реставрация ишлари олиб борилмоқда. Нақшларнинг айримлари асл ҳолича сақланиб қолган бўлса, бошқалари вақт ўтиши билан шикастланган. Усталар сақланиб қолган намуналарга таянган ҳолда уларни қайта тикламоқда. Бухоро минтақавий реставрация маркази бош архитектори Туйғун Бобоев қирқ йилдан буён шу соҳада меҳнат қилади. Унинг таъкидлашича, Амир саройи меъморий жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга.
– Бу саройни меъморчилик мўъжизаси десак, муболаға бўлмайди. Унда Шарқ ва Ғарб меъморчилик санъати уйғунлашган, – дейди у. – Ҳозир лойиҳачилар билан бирга асл безакларни ўз ўрнига қайтаряпмиз.
Бу ерда ҳар бир ганч гулининг ўз шакли, ранги ва ҳошияси бор. Шу боис усталар аввало сақланиб қолган нақшларни синчиклаб ўрганади. Шундан сўнг шикастланган қисмларнинг шакли тикланиб, уларга мос ранглар берилади. Зарҳал ҳошиялар ҳам дастлабки кўринишига мувофиқ қайта ишланади. Бир қарашда оддий туюлган нақш ортида машаққатли меҳнат ётади. Уни шунчаки чиройли қилиб таъмирлаш етарли эмас, энг муҳими, бир асрдан зиёд вақт аввалги устанинг маҳорати ва иш услубини сақлаб қолишдир. Бухоро минтақавий реставрация дирекцияси реставратори Ғуломризо Ғуломов учун бу жараённинг энг завқли жиҳати ҳам айнан шунда.
– Эски биноларни пойдеворидан тортиб томигача қайта тиклашнинг завқи бошқача. Иш тугагач, обиданинг асл гўзаллиги яна бўй кўрсатади. Бу нафақат усталарга, балки уни томоша қилган ҳар бир инсонга қувонч бағишлайди. Кейин бу ерга сайёҳлар келади, халқимиз бу меросдан баҳраманд бўлади, – дейди у.
Реставрация нафақат юксак маҳорат, балки чуқур билим ҳам талаб этади. Чунки ҳар бир обиданинг қурилиш услуби, ишлатилган ашёлари ва безаклари ўзига хос. Уларни чуқур ўрганмасдан туриб, асл кўринишни сақлаб қолиш мушкул. Шу мақсадда маҳаллий мутахассислар Санкт-Петербургда малака ошириб, хорижий ҳамкасблари билан тажриба алмашиб қайтди. Эндиликда бу билимларни ёш усталарга етказиш ҳам кўзда тутилган.
– Тарихий обидаларда кўп йиллардан бери ишлаймиз, – дейди реставратор Бахтиёр Бобомуродов. – Амир саройини чуқурроқ ўрганиш учун Санкт-Петербургга бориб, малака оширдик. Энди ўрганганларимизни ёшларга ҳам ўргатяпмиз. Реставрациянинг асл моҳияти эски бинога янги қиёфа бериш эмас, балки унинг тарихий руҳи ва асл кўринишини сақлаб қолишдир.
Амир саройидаги бугунги янгиланишлар Когоннинг туристик келажаги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шаҳардаги еттита тарихий объектни туризм мақсадларида ривожлантириш белгиланган. Бу масканларнинг ҳар бири Когон тарихининг муайян давридан ҳикоя қилади. Уларни ягона сайёҳлик йўналишига бирлаштириш орқали шаҳарнинг шаклланиш тарихи, темир йўл келиши билан ҳаёт тарзи қандай ўзгаргани ҳамда турли меъморий анъаналар бу заминда қандай уйғунлашганини яққол кўрсатиш мумкин.
Бухоронинг эски шаҳар қисмида сайёҳлар асосан масжид, мадраса, минора ва қадимий савдо гумбазларини томоша қилади. Когон эса уларга бошқа бир даврни, XIX аср охиридаги Бухорони, темир йўл билан кириб келган янгиликларни ҳамда Шарқ ва Ғарб меъморчилиги туташган ўзига хос муҳитни кашф этиш имконини беради.
Амир саройининг ҳар бир хонаси сайёҳларда алоҳида қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Бу ерда кимлар меҳмон бўлган? Қабулхоналар қандай мақсадларда ишлатилган? Нима учун сарой меъморчилигида Шарқ ва Европа услублари уйғунлашган? Экскурсия давомида шу каби саволларга жавоб топиш ташрифни янада мазмунли қилади. Бунинг учун обидани қайта тиклаш билан бирга, унинг бой тарихини меҳмонларга тушунарли ва қизиқарли тарзда етказиш, сифатли экскурсия хизматларини йўлга қўйиш ҳамда сайёҳлар учун қулай шароит яратиш зарур. Бунда саройнинг асл қиёфаси ва тарихий руҳини сақлаб қолиш асосий шарт бўлиб қолади. Ҳозир усталар қўлида қайта жило топаётган ҳар бир нақш ана шу кунга тайёргарликнинг муҳим бир қисмидир. Улар бинога шунчаки кўрк берибгина қолмай, ўтмиш билан бугунни ўзаро боғлайди.
Когондаги Амир саройи яна меҳмон кутишга ҳозирланмоқда. Аммо бу сафар унинг энг катта бойлиги ҳашаматли хоналари эмас, балки ана шу деворлар бағрида сақланиб қолган жонли тарих бўлади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири