Ўзбекистон Республикаси Президенти "Наманган" эркин иқтисодий зонасининг ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги захирасидаги Ибрат массивида жойлашган 70,0 гектар бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдони қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилиб, шу ҳисобдан "Наманган" эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилади.
Буюртмачи "Наманган" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонаси ҳисобланади.
"Наманган" эркин иқтисодий зонасининг янги ҳудудларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5600-сон Фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион савдолари орқали амалга оширилади.
Инфратузилма объектларини қуриш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 декабрдаги "Ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4929-сон қарорига мувофиқ;
инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги "Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик- коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5101-сон қарорида белгиланган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
ЎзА