Наманганда янги саноат зонаси барпо этилади
Президентимиз томонидан республикамизнинг кичик бизнес, тадбиркорлик ва саноат маркази сифатида эътироф этилган Наманганда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг ёрқин самараси сифатида бугунги кунда вилоятдаги мавжуд 72 та кичик саноат зонаси, иккита эркин иқтисодий зона фаолият юритиб, уларда минглаб фуқаролар доимий иш ўрнига эга бўлиб, даромад топмоқда.
Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий давоми ўлароқ, Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳрининг Баркамол авлод маҳалласи ҳудудида ташкил этилиши режалаштирилган “Баркамол авлод-2” кичик саноат зонаси лойиҳаси билан яқиндан танишди.

Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Музаффар Аҳмаджоновнинг тақдимотида мазкур истиқболли лойиҳа беш гектар майдонда амалга оширилиши режалаштирилган. Унда умумий қиймати 800 миллиард сўмлик 39 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Бунинг натижасида 450 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 29 миллион доллар хорижий инвестицияни жалб этиш ҳамда асосийси 2 минг 500 янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида пойабзал, мебель, тўқимачилик ва ҳунармандчилик йўналишларида замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилиши, ҳудуднинг зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминланиши режалаштирилган. Амалга ошириладиган ишлар натижасида 30 миллиард сўм бюджет тушуми, 10 миллион долларлик экспорт ҳажми ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсад қилинган.

Лойиҳа тақдимоти давомида вилоят раҳбари ҳудудни комплекс ривожлантириш, инвесторлар учун қулай шароит яратиш, қурилиш ва инфратузилма ишларини сифатли ҳамда белгиланган муддатларда якунлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.