Наманган давлат университетида янги талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳридаги «Янги Наманган» шаҳарчасида Наманган давлат университетининг 1 минг 200 ўринга мўлжалланган иккита янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Етти қаватли замонавий биноларни барпо этиш лойиҳасининг умумий қиймати 90 миллиард сўмни ташкил этади. Маблағ университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан йўналтирилган.
Янги талабалар турар жойларида ёшлар учун зарур барча шароитлар яратилган. Жумладан, маънавият хоналари, кутубхона, компьютер хоналари, ошхона, кир ювиш ва дазмоллаш хоналари ташкил этилган. Бинолар Wi-Fi тармоғи билан таъминланган. Талабалар хоналари ётоқ жиҳозлари, стол-стул, шкаф ва кондиционерлар билан жиҳозланган.
Талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида биноларда видеокузатув тизими ўрнатилган. Ногиронлиги бўлган талабалар учун ҳам зарур қулайликлар яратилган.
Айни пайтда Наманган давлат университетида қарийб 17 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Янги турар жойларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида университетдаги талабалар турар жойлари сони 4 тага, улардаги ўринлар сони қарийб 2 минг 100 тага етди. Бу талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини 60 фоизга етказиш имконини берди.
[gallery-31374]
Таъкидлаш жоизки, университетда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Наманган ҳудудий бўлими фаолият юритмоқда. Олий таълим муассасасининг 30 дан ортиқ давлатдаги нуфузли университетлар билан халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Тадбирда университетнинг таълим, илм-фан ва спорт соҳаларидаги ютуқлари ҳам қайд этилди. Хусусан, 2025/2026-ўқув йилида университетнинг уч нафар профессор-ўқитувчиси давлат орденлари билан тақдирланган. Қизлар волейбол жамоаси эса уч карра Ўзбекистон кубоги соҳиби ҳамда III Туркий давлатлар универсиадаси ғолиби бўлган.
Замонавий талабалар турар жойларининг фойдаланишга топширилиши «Янги Наманган» шаҳарчасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг яна бир муҳим натижаси бўлди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, нуронийлар, педагоглар, фахрийлар, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА