Нафақат тил, француз маданияти ҳам ўргатилмоқда
Франция Президенти Эммануэль Макроннинг 2023 йилда мамлакатимизга расмий ташриф чоғида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Франция давлатлари раҳбарлари иштирокида Самарқанд Француз Алянси очилган эди.
Марказда бугунги кунгача 100 нафарга яқин тингловчи тил ўрганиб, тегишли сертификатларни қўлга киритди. Шулардан 4 нафари қисқа муддатда француз тилини ўрганиб, "Campus France" дастури орқали Франциянинг халқаро рейтингларда юқори ўринларда қайд этилган олий ўқув юртларига грант асосида ўқишга қабул қилинди.
Маржолен Ле Галло раҳбарлик қилаётган марказ Франция эличихонаси томонидан молиялаштирилади.
[gallery-22195]
– Айни пайтда 20 нафардан ортиқ тингловчимиз офлайн ва онлайн тарзда француз тилини ўрганмоқда, – дейди Самарқанд Француз Алянси маъмурий директори Гулноз Ёрматова. – Тингловчиларнинг талабига кўра курслар вақти белгиланади. А1, А2, В1, В2, С1, С2 даражагача бўлган сертификатлар олиш мумкин. Икки муддатда нолдан С1 даражагача француз тилини ўрганиш мумкин. Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги француз тили ўқитиладиган 76 та умумий ўрта таълим мактабида фаолият олиб бораётган 220 нафар ўқитувчи учун ўз устида ишлаб, тил билиш даражасини ошириш учун бепул курслар ташкил қилинган. Бошқа қўшни вилоятлар ўқитувчилари учун эса эллик фоизлик тўлов белгиланган.
Уларга хорижлик мутахассисларимиз махсус дастурлар асосида тил ўргатади. Марказда фаолият юритаётган 6 нафар ходимнинг икки нафари франциялик мутахассислардир. Тингловчилар француз тили билан бирга бу тилда сўзлашувчи халқнинг маданиятини ҳам ўрганадилар.
Самарқанд Француз Алянсида халқаро тил билиш диплом ва сертификатлари учун имтиҳонлар ўтказиш маркази ҳам мавжуд. Канадага иш ва ўқиш учун кетаётганлар ҳам бу ерда тил билиш даражаси учун имтиҳондан ўтиб, тегишли ҳужжатларини олишлари мумкин.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари