Музейларнинг янги миссияси шаклланмоқда
Музейлар – шунчаки тарихий экспонатлар сақланадиган маскан эмас, балки билим бериш, тарихий хотирани асраш, миллий ўзликни англаш ва янги авлод дунёқарашини шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим таълимий макон.
Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бир даврда музейларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, айниқса, уларнинг таълим тизими билан ҳамкорлиги тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айнан шу масалалар Тошкентда ўтказилаётган “ХХI асрда музей таълими: глобал контекст ва трансформациялар” халқаро илмий-назарий конференциясининг асосий муҳокама мавзуларидан бирига айланди. Турли мамлакатлардан келган мутахассисларни бирлаштирган мазкур тадбир музей таълимининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолари ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, халқаро тажрибани ўрганиш учун муҳим илмий майдон вазифасини бажармоқда.
Бугунги кунда музейга ташриф буюрувчилар экспонатлар орқали муайян даврни англаш, тарихий воқеалар ўртасидаги боғлиқликни тушуниш ва ўтмиш тажрибасидан хулоса чиқариш имкониятига эга бўлиши керак. Бу эса музей фаолиятида янги ёндашувлар, замонавий педагогик методлар ва интерактив воситалардан фойдаланишни тақозо этади. Музей таълимининг самарадорлиги, аввало, тарихий маълумотларни қандай етказиш билан белгиланади. Бир хил экспонат турли ёшдаги ва турли билим даражасига эга ташриф буюрувчиларда ҳар хил таассурот уйғотиши мумкин. Шу сабабли, музейларда болалар, ёшлар, талабалар, тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик учун мослаштирилган таълим дастурларини ишлаб чиқиш муҳим.

Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси музей таълимини ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Мамлакатимиз ҳудудида шаклланган қадимий цивилизациялар, меъморий обидалар, амалий санъат намуналари ва тарихий манбалар нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам илмий қизиқиш уйғотади.
Бироқ, бу мероснинг аҳамияти уни сақлаш билангина чекланмайди. Уни келажак авлодга тушунарли, қизиқарли ва мазмунли шаклда етказиш ҳам муҳим вазифадир. Шу маънода, музейларнинг илмий-тадқиқот фаолияти билан таълимий фаолиятини уйғунлаштириш тарихий меросни кенгроқ аудиторияга танитишнинг муҳим шартларидан биридир.

Франция, Эрон, Грузия, Хитой, Озарбайжон, Малайзия каби хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистон музейлари фаолияти билан яқиндан танишиши эса мамлакатимизда тўпланган тажрибани халқаро илмий муҳокамаларга олиб чиқиш, турли мамлакатларнинг ёндашувларини қиёсий ўрганиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш имконини беради.
Тарихий мероснинг ҳақиқий қадри фақат унинг қадимийлиги ёки ноёблиги билан белгиланмайди. Унинг бугунги авлод томонидан қандай англаниши, ўрганилиши ва келажак авлодга қандай етказилиши ҳам муҳим. Музейлар ана шу жараёнда ўтмиш билан бугунни, илм-фан билан таълимни, миллий қадриятлар билан умуминсоний маданиятни боғловчи ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. Уларнинг замонавий таълим тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш эса нафақат музейшунослар, балки таълим соҳаси вакиллари, олимлар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигини талаб этади.
Тошкентда ўтказилган халқаро анжуман айнан шу мақсад йўлида илмий мулоқот ва тажриба алмашиш учун майдон яратмоқда. Унда илгари сурилаётган ғоялар, муҳокама қилинаётган ёндашувлар ва шаклланадиган амалий таклифлар музейларнинг келажакдаги ривожланишига хизмат қилиши мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА