Малакали мутахассислар тайёрлашдаги муҳим қадам
Дуал таълим тизими талабанинг назарий билими ва амалий тажрибасини уйғунлаштиришга, малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур тизим таълим жараёни билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтириб, талаба ёшларнинг амалий кўникмаларини бойитиш билан бирга, меҳнат бозорида рақобатбардошлигини янада оширади.
Андижонда “Дуал таълим тизими: Ўзбекистон ва Германия кўприги. Дуал таълимни ташкил этиш бўйича Андижон тажрибаси” мавзусида ўтказилган халқаро анжуман институтимиз мутахассислари, профессор-ўқитувчиларининг ана шу йўналишдаги билим ва тажрибаларини янада бойитишга хизмат қилди.
Албатта, бу борада институтимизда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Малакали мутахассислар тайёрлашда дуал таълимнинг амалий самаралари бўй кўрсатмоқда. Бугунги кунда институтимизда йигирмага яқин ихтисослик йўналиши бўйича 6 минг 794 нафар талаба таҳсил олади. Уларнинг 621 нафари битирувчилардир.
Битирувчиларимиз, шу билан бирга, юқори босқичларда таҳсил олаётган жами 1 минг нафардан ортиқ талабаларимиз дуал таълимга жалб этилган. Вилоятдаги 34 та қишлоқ хўжалиги йўналишидаги корхона ва хўжаликлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, дуал таълим тизимини ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни миллий таълим амалиётига жорий этиш ҳамда меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинганди.
Дуал таълим тизимини янада ривожлантиришга кенг имкониятлар эшигини очиб берган халқаро анжуман таълим тизимини такомиллаштириш, инновацион ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Тоҳиржон СУЛТОНОВ,
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори, техника фанлари доктори.