Ёзда кўз нурининг хиралашишига таъсир қилувчи омиллар кўп. Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов қайноқ фаслда уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича бир неча тавсиялар билан ўртоқлашди.
Шифокорнинг сўзларига кўра, ультрабинафша нурларидан ҳимояловчи кўзойнаклар танлаш керак. Бу, кўзларни қуёшнинг зарарли нурларидан асрайди. Кенг шляпа ёхуд бош кийимлар ҳам уларни зарарли таъсирлардан сақлайди.
Узоқ вақт қуёш ёки ёруғ муҳитда бўлганда, кўзларни дам олдириш учун мунтазам танаффус қилдириш лозим.
Доимий равишда экранлар (компьютер, телефон, гаджет) олдида ўтиришдан сақланиш керак. – Халқаро амалиётда
экранларнинг зарарли таъсиридан фойдаланишда "20-20-20" қоидаси тавсия қилинади: ҳар 20 дақиқада 20 сония давомида 20 фут (6 метр) узоқликка қаранг.
Қўлларни мунтазам ювиш ва юзга тегмасликка ҳаракат қилиш орқали кўзларни инфекциялардан ҳимоя қилинг. Шунингдек, уларни тез-тез намлантириб туринг.
Кўзлар соғлиғи учун фойдали витамин ва антиоксидантлар, масалан, А, C, Е витамини, ёғ кислоталарини ўз ичига олган озиқ-овқатлар истеъмол қилинг. Сабзи, исмалоқ, балиқ ва цитрус мевалар яхши манба ҳисобланади.
Ёз фаслида кўпроқ сув ичиш кўзларни қуриб қолишдан асрайди.
Қуёш нури энг кучли бўлган 10:00 дан 16:00 гача бўлган вақтда очиқ ҳавода кўп вақт ўтказмасликка ҳаракат қилинг.
Бу чоралар кўзларингизни ёз фаслида хавфсиз ва соғлом сақлашга ёрдам беради. Агар уларда бирор ноқулайлик ёки
хиралашишни сезсангиз, офтальмологга мурожаат қилинг, дейди мутахассис Отабек Икромов.
ЎзА