Ёзги жазирамада ҳосилни қандай асраш мумкин?
Ёз фасли деҳқончилик ва боғдорчилик учун энг масъулиятли даврлардан бири ҳисобланади. Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши, қурғоқчилик ва намликнинг тез буғланиши экинларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис ўсимликларни етарли даражада сув билан таъминлаш ва уларни иссиқ стрессидан ҳимоя қилиш юқори ҳосил олишнинг муҳим шартларидан саналади.
Ёзнинг жазирама кунларида ўсимликларнинг сувга бўлган эҳтиёжи сезиларли даражада ортади. Мутахассислар бу даврда сувни тўғри вақтда ва белгиланган меъёрда беришни тавсия этади. Нотўғри суғориш эса нафақат сув исрофига, балки ўсимликлар ривожланишининг сусайишига ҳам олиб келиши мумкин.
Қайд этилишича, экинларни асосан эрталабки соатларда суғориш мақсадга мувофиқ. Чунки бу вақтда ҳаво ҳарорати нисбатан паст бўлиб, сув буғланиб кетмасдан илдиз тизимига чуқурроқ сингади. Кечки пайтда ҳам суғориш мумкин, аммо тупроқнинг ортиқча намланиб кетишига йўл қўймаслик керак. Шунингдек, ўсимликлар атрофидаги намлик даражасини мунтазам назорат қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Иссиқ ҳавода сувнинг катта қисми тупроқ юзасидан буғланиб кетиши мумкин. Шу сабабли чўктирувчи ёки намлагич шланглардан фойдаланиш самарали усул ҳисобланади. Бундай тизимлар сувни бевосита илдиз қисмига етказиб, унинг беҳуда сарфланишининг олдини олади.
Намлагич шланглардан фойдаланишнинг яна бир афзаллиги шундаки, улар сув бериш жараёнини секин ва меъёрий тарзда амалга оширади. Бу эса тупроқнинг узоқ вақт нам ҳолда сақланишига ёрдам беради ҳамда ўсимликларнинг иссиқдан зарар кўриш хавфини камайтиради.
Айрим экинлар куннинг энг иссиқ пайтида вақтинча сўлиб қолиши мумкин. Автоматлаштирилган намлагич тизимлари эса ўсимликларда қуриш белгилари кузатилиши биланоқ илдизларга аста-секин сув етказиб беради. Натижада экинлар ортиқча иссиқлик таъсиридан ҳимояланади, ўсиш жараёни барқарор сақланади ва ҳосилдорлик ошади.
Мутахассислар фикрича, ёзги мавсумда тўғри ташкил этилган суғориш тизими сув тежамкорлигини таъминлаш билан бирга, экинларнинг соғлом ривожланиши ва мўл ҳосил етиштиришнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА