Мустақилликнинг сўнгги ўн йиллиги: истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоясидаги янги босқич
Инсон қадри, қонуний манфаат ва жамоатчилик иштироки — истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимидаги ислоҳотларнинг бош мезонига айланмоқда.
Мустақиллик халқимизнинг сиёсий ва иқтисодий тараққиёти билан бир қаторда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш учун ҳам мустаҳкам замин яратди.
Сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича сезиларли чора-тадбирлар кўрилди.
ННТлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди. Айни вақтда 20 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари соҳа ривожига хизмат қилмоқда.
Сўнгги ўн йилликда бу жараён истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида айниқса яққол намоён бўлди. Истеъмолчи манфаатини таъминлаш давлат идораларининг вазифаси билангина чекланмай, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳам бевосита иштирокини талаб қиладиган умумжамият вазифасига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги «Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 667-сон қарори соҳадаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.
Федерация тизимида бугунги кунда 14 та ҳудудий бирлашма, 208 та туман (шаҳар) жамиятлари фаолият кўрсатмоқда, ходимларнинг умумий сони 1216 нафарни ташкил этади.
Ташкилот, корхона, муассаса ва ўқув юртларида Федерациянинг 1354 та таянч гуруҳи ташкил этилган бўлиб, аъзолар сони 4 096 500 нафарни ташкил этади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари
Соҳадаги энг муҳим ҳуқуқий асос — Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунидир. Мазкур Қонун истеъмолчининг товар ва хизмат ҳақида тўлиқ ҳамда ишончли маълумот олиш, сифатли ва хавфсиз маҳсулотдан фойдаланиш, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг қопланишини талаб қилиш, бузилган ҳуқуқларини суд ва бошқа қонуний воситалар орқали ҳимоя қилиш каби асосий ҳуқуқларини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонуни жамоатчилик назорати субъектлари ва шаклларини белгилаб, фуқаролик жамияти институтларига давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан қонуний жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини берди. «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун эса давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 октябрдаги «Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги PQ-296-сон қарори истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги «Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 667-сон қарори соҳадаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.
Федерация фаолиятининг асосий амалий натижалари
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятида мурожаатларни кўриб чиқиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, истеъмолчи манфаатини ташкилотлар ва судларда ҳимоя қилиш, жамоатчилик мониторинги ва тарғибот ишлари устувор йўналишлардан бўлиб келмоқда.
Федерация Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Президентга мурожаат портали» ҳамда Бош прокуратуранинг «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатларни қайд қилувчи портал билан узвий ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Федерация тизимида «1091» қисқа рақамли «ишонч телефони», мурожаатларни қабул қилиб олиш учун istemol.uz сайтидаги виртуал қабулхона ва PotrebitelUz_bot Telegram боти ташкил этилган.
Сўнгги йилларда Федерация тизими томонидан 134 814 та мурожаат қабул қилиниб, белгиланган тартибда ўрганилган ва уларни ҳал этиш жараёнида истеъмолчилар фойдасига 367,4 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ундириб берилган.
Истеъмолчилар манфаатини суд орқали ҳимоя қилиш мақсадида 1 740 та даъво аризаси суд органларига киритилиб, судлар орқали қарийб 64,5 млрд сўм моддий ва маънавий зарар истеъмолчилар фойдасига ундирилган.
Истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳуқуқий манфаатларни таъминлаш
Мурожаатлар савдо, табиий газ ва электр энергияси таъминоти, ичимлик суви, коммунал хизматлар, алоқа ва интернет, транспорт, соғлиқни сақлаш, сервис ва бошқа соҳаларни қамраб олган. Ҳар бир мурожаатнинг ортида муайян инсон, унинг оила бюджети, кундалик турмуши ва қонуний манфаати тургани боис, Федерация тизимида мурожаатларни тезкор ва натижадор кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
1091 қисқа рақамли ишонч телефони, виртуал қабулхона, электрон мурожаат каналлари ва замонавий ахборот воситалари аҳоли билан доимий мулоқотни таъминлаб, истеъмолчиларга ўз муаммосини тез ва қулай етказиш имконини берди. Бу механизмлар жамоатчилик назорати учун ҳам муҳим ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш
Истеъмолчи ҳуқуқи ихтиёрий тартибда тикланмаган ҳолатларда Федерация тизими суд ҳимояси механизмларидан фойдаланади. Умумлаштирилган кўрсаткичлар истеъмолчилар манфаатини кўзлаб судларга минглаб даъво аризалари киритилганини ва натижада ўнлаб миллиард сўмлик моддий ҳамда маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига ундирилганини кўрсатади. Бу Федерациянинг оддий маслаҳат берувчи тузилма эмас, балки ҳуқуқни амалда тиклашга кўмаклашувчи фуқаролик жамияти институти сифатидаги ўрнини намоён этади.
Жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик механизмлари
Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар мунтазам таҳлил қилиниб, муаммоли соҳалар аниқланади, товар ва хизматлар сифати, истеъмолчига тақдим этилаётган ахборотнинг тўлиқлиги, ҳисоб-китоблар ва шартномаларда қонун талабларига риоя этилиши каби масалалар жамоатчилик эътиборига олинади. Ўрганиш ва мониторинг натижалари асосида тегишли ташкилотларга таклиф ва тавсиялар киритиб борилади.
Давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, суд органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик ижтимоий шерикликнинг амалий ифодасига айланган. Семинарлар, давра суҳбатлари, сайёр қабуллар, телевидение ва радио чиқишлари, босма ва электрон нашрлардаги материаллар орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини билиш ва уларни қонуний ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилинмоқда.
Федерациянинг ижтимоий лойиҳалари ва амалий ташаббуслари
Федерация фаолияти фақат мурожаатларни кўриб чиқиш билан чекланмайди. «Оролбўйини обод этайлик» лойиҳаси доирасида экологик вазиятни яхшилаш, ҳудудда меҳнат қилаётган фуқароларга қулай шароит яратиш ва саксовулзорларни кенгайтириш ишларига ҳисса қўшилиб, лойиҳага 100 миллион сўм маблағ сарфланган.
«Обод хонадон — юрт кўрки» лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитда истиқомат қилаётган оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига Федерация ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 338 млн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва истеъмол маданиятини ошириш, мурожаатларни жойида қабул қилиш ҳамда ҳуқуқий-маърифий ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида «Истеъмолчилар уйи» ва «Истеъмолчи кутубхонаси» лойиҳалари амалга оширилди.
Ушбу ташаббуслар доирасида 31 та туман ва шаҳарда мажмуалар қурилди. Жумладан, Фарғона вилоятида — Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Фарғона, Данг‘ара, Қўштепа ва Ёзёвон туманлари, Фарғона ва Марғилон шаҳарларида; Навоий вилоятида — Қизилтепа, Конимех, Навбаҳор ва Томди туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрида; Бухоро вилоятида — Олот, Қоракўл ва Бухоро туманларида; Қашқадарё вилоятида — Косон, Касби ва Деҳқонобод туманларида; Сурхондарё вилоятида — Сариосиё, Узун, Бойсун, Олтинсой ва Ангор туманлари ҳамда Шарғун шаҳрида; Наманган вилоятида — Тўрақўрғон ва Наманган туманларида; Андижон вилоятида — Избоскан, Асака ва Қўрғонтепа туманларида «Истеъмолчилар уйи» ва «Истеъмолчи кутубхонаси» мажмуалари барпо этилган. Мазкур мажмуалар аҳолига ҳуқуқий маслаҳат бериш, мурожаатларни қабул қилиш, китобхонлик ва истеъмол маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Халқаро эътироф — миллий тажрибага берилган баҳо
Федерация фаолиятининг муҳим натижаларидан бири — унинг халқаро майдонда институционал даражада эътироф этилганидир. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Consumers International — Халқаро истеъмолчилар ташкилотига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши миллий жамоат ташкилотининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятига берилган аниқ халқаро эътирофдир.
Consumers International дунёнинг турли қитъаларидаги истеъмолчилар ташкилотларини бирлаштирган глобал тармоқ бўлиб, Федерациянинг ушбу тузилмада тўлақонли аъзо сифатида иштирок этиши халқаро тажрибани ўрганиш, миллий амалиётни жаҳон стандартлари билан уйғунлаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини трансчегаравий муносабатларда ҳам ҳимоя қилиш борасида янги имкониятларни очди.
Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг турдош ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, бошқа қатор давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан ҳам манфаатли алоқалар йўлга қўйилди. Бу ҳамкорлик доирасида тажриба алмашиш, туристлар ва фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий ахборот алмашинуви ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳим ўрин тутмоқда.
Федерация ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) аъзо-иштирокчи давлатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларнинг Маслаҳат йиғилиши юқори савияда ўтказилди. Унда хорижий ташкилотлар вакиллари иштирокида истеъмолчилар ҳуқуқларини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш, трансчегаравий мурожаатлар, туризм ва электрон тижорат соҳасидаги масалалар, шунингдек, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтириш йўналишлари муҳокама қилинди.
Халқаро форумлар — мулоқот ва тажриба майдони
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари форуми халқаро жамоат ташкилотлари ва соҳа мутахассислари учун йирик мулоқот майдони бўлди. Форумда ўттиздан ортиқ хорижий мамлакат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шу жумладан Consumers International раҳбарияти иштирок этди. Форум якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлатлар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Хива ва Урганч шаҳарларида ташкил этилган «Сайёҳ» халқаро форумида эса туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хорижий сайёҳлар манфаатларини таъминлаш, электрон тижоратда юзага келаётган мурожаатларни ҳал этиш, хорижда таълим олаётган фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва илғор халқаро тажрибани миллий амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Форум якунида Хива декларациясининг қабул қилиниши халқаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим натижаси бўлди.
Истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш — ислоҳотларнинг устувор йўналиши
Мустақилликнинг сўнгги ўн йиллигида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими мазмун ва шакл жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Қонунчилик кафолатлари мустаҳкамланди, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликнинг амалий механизмлари кенгайди, мурожаатларни қабул қилиш ва ҳал этишнинг замонавий усуллари шаклланди, суд орқали ҳуқуқни тиклаш амалиёти самарали воситага айланди.
Энг муҳими, истеъмолчи бугун ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишда ёлғиз эмас. Унинг қонуний манфаати ортида қонун, давлат ва жамоатчилик институтларининг ўзаро ҳамкорлигига таянган тизим мавжуд. Федерациянинг кўп минглаб мурожаатларни ҳал этиш, юзлаб миллиард сўмлик маблағларни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш, судларда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ташаббуслар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти ана шу тизимнинг амалий самарасини кўрсатмоқда.
Мустақиллик берган имкониятлар замирида шаклланган ушбу тажриба инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ҳуқуқий ҳимояланганлик даражасини ошириш ва жамиятда юксак истеъмол маданиятини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
ЎзА