Мустақилликнинг 35 йиллигига 35 ютуқ: Дунёни лол қолдирган ўзбек спорти
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги спорт соҳасида улкан ютуқлар даври бўлди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига 35 йил тўлмоқда. Бу даврда мамлакатимиз нафақат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда, балки спортда ҳам улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Мустақил Ўзбекистон спортчилари Олимпиада ва Паралимпиада ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, қитъанинг энг нуфузли мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларни қайд этди.
Қуйида мустақиллик йилларида Ўзбекистон спорти тарихида муҳим ўрин тутган 35 та салмоқли натижа ва воқеа келтирилади.
1.Ўзбекистоннинг Олимпиадада мустақил давлат сифатидаги илк иштироки: 1996 йил Атланта Олимпиадасида мамлакатимиз спортчилари мустақил Ўзбекистон байроғи остида илк бор иштирок этди.
2.Абдулло Тангриев — Олимпиаданинг кумуш медали соҳиби: 2008 йил Пекин Олимпиадасида дзюдочи Абдулло Тангриев +100 килограмм вазн тоифасида кумуш медалга эришди.
3.Антон Фокин — Олимпиада совриндори: 2008 йил Пекин Олимпиадасида спорт гимнастикачиси Антон Фокин параллел брусда бронза медалини қўлга киритди.
4.Ришод Собиров — уч карра Олимпиада совриндори: 2008 йил Пекин Олимпиадасида бронза, 2012 йил Лондон Олимпиадасида бронза ва 2016 йил Рио-де-Жанейро Олимпиадасида бронза медалларини қўлга киритиб, уч карра Олимпиада совриндори бўлди.
5.Ўзбекистон U-23 терма жамоаси — Осиё чемпиони: 2018 йил Хитойда ўтказилган Осиё чемпионати финалида Ўзбекистон Вьетнамни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, тарихда биринчи марта U-23 Осиё чемпиони бўлди.
6.“Жакарта-2018”да боксчиларнинг муваффақияти: 2018 йил Осиё ўйинларида Ўзбекистон боксчилари 5 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритиб, бокс бўйича мамлакатлар ўртасида юқори натижа қайд этди.
7.“Токио-2020” — Ўзбекистоннинг Олимпиададаги янги чемпионлари: 2021 йилда ўтказилган Токио Олимпиадасида Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитов ва Акбар Жўраев олтин медалларни қўлга киритди.
8.Нодирбек Абдусатторов — рапид бўйича жаҳон чемпиони: 2021 йилда Нодирбек Абдусатторов шахматнинг тезкор тури — рапид бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
9.Ўзбекистон U-20 терма жамоаси — Осиё чемпиони: 2023 йилда ўз майдонимизда ўтказилган U-20 Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ғолиб чиқди.
10.Тахмина Икромова — Осиё чемпиони: 2023 йил Манилада ўтказилган бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионатида Тахмина Икромова яккалик кўпкурашда олтин медални қўлга киритди.
11.“Париж-2024”да бокс бўйича биринчи ўрин: Ўзбекистон боксчилари 5 та олтин медаль билан Париж Олимпиадасида бокс бўйича мамлакатлар ўртасида биринчи ўринни эгаллади.
12.Ҳасанбой Дўсматов, Баҳодир Жалолов ва Улуғбек Рашитов — икки карра Олимпиада чемпионлари: Ушбу уч нафар спортчимиз мамлакатимиз тарихида илк бор икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби бўлган.
13.Диёра Келдиёрова — аёллар дзюдосида тарихий олтин: “Париж-2024”да Диёра Келдиёрова -52 килограмм вазн тоифасида ғолиб чиқиб, Ўзбекистон аёллар дзюдоси тарихидаги биринчи Олимпиада чемпиони бўлди.
14.“Париж-2024” Паралимпиадасида тарихий натижа: Ўзбекистон параспортчилари 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза — жами 26 та медаль билан мамлакат тарихидаги энг яхши натижани қайд этди.
15.Асила Мирзаёрова — Паралимпиада чемпиони: “Париж-2024”да узунликка сакрашда ғолиб чиққан Асила Мирзаёрова Паралимпиада рекордини янгилади.
16.Шерзод Намозов — икки карра Паралимпиада чемпиони: пара дзюдочи Шерзод Намозов “Рио-2016”даги чемпионлигини “Париж-2024”да ҳам такрорлади.
17.Ўзбекистон — футзал бўйича Жаҳон чемпионати мезбони: 2024 йил мамлакатимиз тарихда биринчи марта ФИФА тасарруфидаги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Футзал бўйича Жаҳон чемпионатида 24 та терма жамоа иштирок этди.
18.Светлана Осипова — Олимпиададаги тарихий кумуш: 2024 йил Париж Олимпиадасида Светлана Осипова таэквондо бўйича +67 килограмм вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритиб, Ўзбекистон таэквондоси тарихида Олимпиадада совриндор бўлган илк спортчига айланди.
19.Бокс бўйича 2025 йилги жаҳон чемпионатида тарихий натижа: Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатини 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза — жами 11 та медаль билан якунлади.
20.Айтжан Халмаханов — 24 йилдан кейинги жаҳон чемпионлиги: 2025 йил Загребда ўтказилган кураш бўйича жаҳон чемпионатида Айтжан Халмаханов -63 килограмм вазнда олтин медални қўлга киритди.
21.Нажмиддин Қосимҳожиев — таэквондо бўйича 10 йил кутилган ғалаба: 2025 йил Хитойда ўтказилган таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионатида Нажмиддин Қосимҳожиев -74 килограмм вазн тоифасида ғолиб чиқди.
22.Акбар Жўраев — уч карра жаҳон чемпиони: 2025 йил Норвегияда ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Акбар Жўраев -110 килограмм вазн тоифасида чемпион бўлди. У даст кўтаришда 196 килограмм натижа қайд этиб, жаҳон рекордини ўрнатди.
23.Шоҳиста Шоназарова — аёллар курашида тарихий жаҳон чемпионлиги: 2025 йил Афинада ўтказилган 17 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Шоҳиста Шоназарова -40 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. У Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медаль олган биринчи курашчи бўлди. Финалда япон спортчисини 11:0 ҳисобида мағлуб этди.
24.Навбаҳор Ҳамидова — аёллар боксидан тарихий ғалаба: 2025 йил Остонада ўтказилган Бокс бўйича Жаҳон кубоги босқичида Навбаҳор Ҳамидова -65 килограмм вазнда олтин медални қўлга киритди. У Жаҳон кубогида олтин медаль олган биринчи ўзбекистонлик аёл боксчи бўлди.
25.2025 йил Бутунжаҳон Универсиадаси — Марказий Осиёда энг яхши натижа: Германияда ўтказилган Бутунжаҳон Универсиадасида Ўзбекистон 4 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза — жами 15 та медаль билан Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи натижани қайд этди.
26.Абдуқодир Ҳусанов — Англия Премьер-лигасидаги биринчи ўзбек футболчиси: 2025 йил январь ойида Абдуқодир Ҳусанов Франциянинг «Ланс» клубидан «Манчестер Сити»га ўтиб, Ўзбекистон тарихида Англия Премьер-лигасида майдонга тушган биринчи футболчига айланди. Унинг Премьер-лигадаги дебюти 2025 йил 25 январь куни «Челси»га қарши учрашувда бўлиб ўтди.
27.Абдуқодир Ҳусанов — «Манчестер Сити»нинг ой футболчиси: 2025 йил февраль ойида Абдуқодир Ҳусанов мухлислар овози билан «Манчестер Сити»да ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
28.Ўзбекистон — Жаҳон чемпионатида иштирок этган илк Марказий Осиё мамлакати: 2026 йилги мундиалга чиқиш орқали Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этган биринчи мамлакатга айланди.
29.Аббосбек Файзуллаев — мундиалдаги илк гол муаллифи: Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиаллар тарихидаги биринчи голини киритди.
30.Элдор Шомуродов — мундиалнинг чиройли голи муаллифи: 2026 йилги Жаҳон чемпионатида терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродовнинг голи мусобақанинг энг чиройли голлари қаторида қайд этилди.
31.Теннис — «Катта дубулға» мусобақасида уч нафар вакил: 2026 йилда Ўзбекистон теннисчилари «Катта дубулға» туркумига кирувчи мусобақалардан бирида бир вақтнинг ўзида уч нафар спортчи билан иштирок этиб, мамлакат тенниси тарихидаги муҳим натижалардан бирини қайд этди.
32.Равшан Эрматов — Жаҳон чемпионатлари рекордчиси: Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов 2010, 2014 ва 2018 йиллардаги учта Жаҳон чемпионатида жами 11 та учрашувни бошқариб, футбол бўйича Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп ўйинда ҳакамлик қилган реферига айланди.
33.Тахмина Икромова — Осиёнинг беш карра чемпиони: 2026 йил Бишкекда ўтказилган Осиё чемпионатида Тахмина Икромова бешта дастурда чемпионликни қўлга киритиб, бадиий гимнастикада қитъанинг етакчи спортчиларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.
34.Ўзбекистон — 2027 йил U-20 Жаҳон чемпионати мезбони: ФИФА 2027 йилги U-20 Жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказишга қарор қилди. Бу мамлакатимиз футбол тарихидаги энг йирик халқаро мусобақалардан бирини қабул қилиш имконини беради.
35.Жонбиби Ҳукмова — Осиё чемпиони: 2026 йил Тяньцзинь шаҳрида ўтказилган Осиё ёпиқ иншоотлар чемпионатида Жонбиби Ҳукмова 400 метрга югуришда 53,61 сония натижа билан олтин медальни қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА